Қарши шаҳар ҳарбий прокуратураси Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилган 18 ёшли Руслан Қидиралиевнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатди.

«27 июнь куни Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Ҳарбий прокуратура хабарида.

Жиноят иши тергови устидан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан назорат ўрнатилгани қўшимча қилинди.

Марҳум аскарнинг отаси Ринат Суалетовнинг Kun.uz`га маълум қилишича, жиноят иши бўйича тегишли экспертизалар тайинланган. Экспертиза Республика идоралари томонидан ўтказилиши белгиланган ва экспертиза чоғида Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосаси нечоғли тўғри эканига ҳам баҳо берилади.

Ўзбекистон қонунчилигида дастлабки тергов муддати уч ой этиб белгиланган. Бироқ марҳумнинг яқинларига алоқага чиққан терговчи иш юритувини 3 ойгача чўзиш ниятида эмас эканликлари, экспертиза натижаларига қараб жиноят ишини имкон қадар тезроқ судга ошириш ҳаракатида эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 8 апрель куни ҳарбий хизматга чақирилган 18 ёшли Руслан Қидиралиев хизмат вақтида вафот этганди.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига «юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози» сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда «ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши» кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаганди. Ўсмир йигитнинг отаси Ринат Саулетов ўғли касал бўлганида уни армияга жўнатмаслигини маълум қилди.

«Агар болам касал бўлганда армияга жўнатиб ўтирмасдим. „Ота, Ватанга хизмат қилмоқчиман, йигитлик бурчимни бажармоқчиман“ дегани учун юборгандим. Бўлмаса, пулини тўлаб, бир ойлик йиғинга жўнатсам бўларди, ҳозир афсус қиляпман шунга», — деди у.

Марҳумнинг отаси фарзандининг қон гуруҳи 2-гуруҳ манфий экани, бироқ жасадни олиб келган ҳарбийлар ўғлиникилигини айтиб ташлаб кетган хизмат кийими (форма)да унинг қон гуруҳи 1-гуруҳ мусбат экани қайд этилганини айтмоқда.

«Ҳарбий қасамёд қабул қилаётган вақтда ўғлимни кўришга борганимда эгнидаги формада қон гуруҳи 3-гуруҳ мусбат деб ёзилганди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Эртага аскарларга бир нима бўлиб қолса, қон қуйишга тўғри келса, у эса ҳушида бўлмаса, кийимидаги маълумотлар асосида қон қуйишади-ку. Нотўғри қон қуйилиши натижасида у ўлиб қолса, нима бўлади?! Хонободдаги ҳарбий қисмда фақат менинг ўғлимники эмас, бошқа аскарларнинг формасидаги қон гуруҳи ҳам нотўғри ёзилганига гувоҳ бўлгандим. Ўғлимдан бунинг сабабини сўраганимда кимга қайси форма тўғри келса, шуни кийиб олишган, бошқа форма йўқ деб айтганди», — дейди Ринат Саулетов.

Гулзира Саулетованинг айтишича, 28 май куни икки ойлик таъминот маоши — саккиз юз минг сўмдан кўпроқ ўғлининг пластик картасига келиб тушган. Марҳум Руслан дўкондан қарзи борлиги, бориб шуни тўлаб келишини айтган.

«Одатда дўкондан нима олса, менга телефон қиларди, смс бордими деб сўрарди. Пластигини менинг рақамимга улаб қўйганди. Шу куни дўконга бораётганини айтиб телефон қилди, аммо у ердан қайтгандан сўнг қўнғироқ қилмади. Юрагим жуда ғаш бўлди. Тахминимизча, ўша куни тунда нимадир содир бўлган ва бу пластикдаги пул билан боғлиқ бўлиши мумкин», — дейди Гулзира Саулетова.

Марҳумнинг яқинларига кўра, пластик айни вақтда қаерда, кимнинг қўлида қолганини, ундаги пулларга нима бўлганини билишмайди.