Қирғизистон президенти Садир Жапаров казинолар фаолиятини қонунийлаштирувчи ҳужжатларни имзолади, деб ёзади 24.kg. 22 июнь куни қонунлар Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган. Аввалроқ Қирғизистонда қимор ўйинларига нисбатан тўлиқ қонуний тақиқ қўйилган эди.

Янги қонунларнинг мақсади сармоя киритиш учун қулай шарт-шароит яратиш орқали давлат бюджетига қўшимча ресурсларни жалб этишдан иборат, деб хабар қилди Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Фақат МЧЖ ёки ЁАЖ шаклидаги юридик шахслар 10 йил муддатга берилган лицензия асосида қимор ўйинлари фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Қимор ўйинлари муассасалари турар-жой биноларда, университетлар, мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа таълим муассасалари, тиббиёт, диний ва маданият муассасалари биноларида жойлашган бўлиши мумкин эмас.

Қирғизистон фуқаролари, 21 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари, шунингдек, муомалага лаёқатсиз хориж фуқаролари қимор ўйинларининг мижозлари бўла олмайди.

Ўзбекистонда казино, шу жумладан виртуал, тотализаторлар ва бошқа қимор ўйинларини ташкил этиш тақиқланган.

2019 йилда Мўйноқда қимор зонаси ташкил этиш режалари ҳақида маълум қилинганди, бироқ қонунчилик бунга рухсат бермагани учун бу ишлар давом эттирилмаган.

Ўша йили президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга кўра 2021 йил 1 январдан букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш назарда тутилган. Бу спорт, айниқса, футбол ривожига ёрдам бериши кутилганди. Лекин, кейинроқ Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш бекор қилинди.