30 июнь куни Россия Украинанинг Қора денгиздаги «Змеиный» оролидан ўз қўшинларини олиб чиқди. РФ Мудофаа вазирлиги бу «яхши ният қадами сифатида» қилинганини ва Россия Қуролли кучлари «оролда ўз вазифаларини бажарганини» таъкидлади.

«Шундай қилиб, Россия Федерацияси БМТнинг Украина ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмаётганини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этди», — дея маълум қилди РФ Мудофаа вазирлиги.

Май ойида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россияни Украина портларидан ғалла хавфсиз олиб чиқилишини таъминлашга чақирганди. Украина фермерларининг сўзларига кўра, урушдан олдинги даврда экспортнинг 90 фоизи — ҳар ойда 5 млн тоннага яқин дон ушбу портлар орқали олиб кетилган.

РФ Мудофаа вазирлиги баёнотида шундай дейилади: «Энди сўз Украина томонида, у ҳали ҳам ўз қирғоқлари яқинидаги Қора денгиз соҳилларини, шу жумладан порт акваторияларини миналардан тозаламаяпти».

«Змеиный» — Қора денгиздаги қуруқлик майдони 0,2 кв. кмдан иборат бўлган ва соҳилдан 35 км масофада жойлашган орол. Орол учун жанглар урушнинг биринчи куни — 24 февралда рус қўшинлари томонидан ўққа тутилиб, босиб олиниши билан бошланган. 14 апрель куни Россия Қора денгиз флотининг флагмани, уни қўлга олишда иштирок этган «Москва» крейсери «Змеиный» яқинида чўкиб кетди. Украина томони кема Украина соҳилидаги кемаларга қарши «Нептун» комплексидан иккита ракета ёрдамида урилганини маълум қилди. Россия томонининг хабар беришича, ёнғиндан кейин кемада портлаш содир бўлган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўз баёнотида шундай деганди: «Бугунги куннинг асосий сўз — „Змеиный“. Эҳтимол, Змеиный ҳақида яна рус кемаси оролга келган вақтида кўп гапирилгандир. Кейин кема абадиятга жўнаб кетди — энди эса орол яна озод».

«Змеиный» ороли — стратегик нуқта ва бу Қора денгиздаги вазиятни сезиларли даражада ўзгартиради. Бу ҳали хавфсизликни кафолатламайди, душман қайтиб келмаслигини ҳам кафолатламайди. Аммо бу аллақачон босқинчиларнинг ҳаракатларини чеклай бошлади. Қадамба-қадам уларни денгизимиздан, заминимиздан, осмонимиздан ҳайдаб чиқарамиз", — деди у.