Ўзгидромет 1−3 июль кунлари кутиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудуди бўйича июнь ойи охирида кузатилган аномал иссиқ об-ҳаво давридан сўнг, кеча ва бугун иссиқ аста-секин пасайиб бормоқда.

Жума куни кундузи республика бўйича ҳаво ҳарорати +35…+38 даража атрофида бўлади. Дам олиш кунлари иссиқ яна кўтарила бошлайди. Якшанба кунига келиб, ҳарорат +38…+41 даражагача кўтарилади.

Ушбу кунларда жанубий ҳудудларнинг энг чекка қисмида +43…+45 даражагача бўлган ҳарорат билан жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб туради.

Бироқ, бу иссиқ узоқ вақт давом этмайди. Кейинги ҳафтанинг бошидан республика ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келади. Душанба кунидан ҳарорат аста-секин пасайишни бошлайди ва ҳафтанинг аксарият қисмида +30…+35 даража атрофида, баъзи жойларда +37…+38 гача бўлади.

Республика ҳудудининг катта қисмида бугун ва дам олиш кунлари асосан кам булутли об-ҳаво кузатилади, фақат Қорақалпоғистонда 3 июлда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзонлари кузатилиши мумкин. 3 июлда шимолда ва чўл ҳудудларда шамол 23−28 м/с гача кучайиши мумкин.

1−3 июлда Фарғона вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида гляциал (муз) сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.