Фото: Анзор Бухарский
Ўзбекистон бўйлаб автосаёҳат: қаерга бориш, нимада юриш ва нималарга тайёргарлик кўриш керак?
Ўзбекистон бўйлаб автосаёҳатдан унутилмас таассурот олишни хоҳловчилар учун Тимур Нўмоновдан маслаҳатлар.
Фото: Анзор Бухарский
Ўзбекистон бўйлаб автосаёҳат: қаерга бориш, нимада юриш ва нималарга тайёргарлик кўриш керак?
Ўзбекистон бўйлаб автосаёҳатдан унутилмас таассурот олишни хоҳловчилар учун Тимур Нўмоновдан маслаҳатлар.
Тимур Нўмонов тажрибали автосаёҳатчи. Унинг таассуротлар жомадонида 20 дан ортиқ турли мамлакатлар бор, энди эса у бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга қарор қилди.

Муаллиф «Газета.uz»га Ўзбекистон бўйлаб автосаёҳатга қандай тўғри тайёргарлик кўриш кераклигини айтиб берди. Тимур Нўмоновнинг маслаҳатлари автомобилда саёҳат қилишда қулайлик ва хавфсизликка таъсир қилиши мумкин бўлган асосий хатолардан қочишга ёрдам беради.
Тимур Нўмонов тажрибали автосаёҳатчи. Унинг таассуротлар жомадонида 20 дан ортиқ турли мамлакатлар бор, энди эса у бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга қарор қилди.

Муаллиф «Газета.uz»га Ўзбекистон бўйлаб автосаёҳатга қандай тўғри тайёргарлик кўриш кераклигини айтиб берди. Тимур Нўмоновнинг маслаҳатлари автомобилда саёҳат қилишда қулайлик ва хавфсизликка таъсир қилиши мумкин бўлган асосий хатолардан қочишга ёрдам беради.
Ҳамма сафар ҳам саёҳат эмас
Транспортда бирор жойга отланар эканмиз, одатда белгиланган манзилга тезроқ ва арзонроққа етиб боришга интиламиз. Бунга қарши ўлароқ, саёҳатнинг моҳияти маълум масофани босиб ўтиш эмас, балки жараённинг ўзида, йўлни ўрганиш ва ўзингизни синаб кўришдан иборатдир. Шу маънода, якшанба куни тоғларда сайр қилиш ёки теварак-атроф бўйлаб велосипедда сайр қилиш ҳам хорижий курортга парвоз қилишдан кўра кўпроқ саёҳатга ўхшайди.

Автомобилда саёҳат қилишнинг кўплаб афзалликлари бор. Жумладан, юқори даражадаги тафсилотлар ва импровизацияни сақлаган ҳолда минимал жисмоний куч билан катта масофаларни босиб ўтиш мумкин.

Лекин ҳамма автомобиль сафарларини ҳам саёҳат деб ҳисоблаб бўлмайди. Такси ёки ижарага олинган автомобил ҳайдовчиси ёқилғи ва вақтни максимал даражада тежаган ҳолда иш ҳақи олишдан кўпроқ манфаатдор. У сизни яхши йўл инфратузилмасидан узоқдаги ноёб манзилларга элтувчи эксклюзив йўналишлардан олиб ўтмайди. Шунинг учун бундай саёҳатларга мустақил равишда борган яхшироқ.

Автомобилда арзонга саёҳат қилиш – кўп ҳолларда ёлғондан бошқа нарса эмас. У ўз ичига техник хизмат ва зарур инвентарларни сотиб олиш, автомобиль амортизацияси, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, меҳмонхоналарда тунаш ва овқатланиш харажатларини ҳам ўзи ичига олади. Сўнгги вақтларда бу рўйхатга тез-тез йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун эҳтимолий жарималар ҳам киритилмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлларнинг ёмон аҳволи ва транспорт инфратузилмасининг номукаммаллигидан келиб чиқадиган бошқа камчиликларга ҳам эга бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай саёҳат ҳамма учун ҳам мос келавермайди.
реклама
реклама
Қуйидагилар мавжуд бўлса, автомобилда саёҳатни ишонч билан тавсия қилиш мумкин:
мунтазам транспорт коммуникацияларидан узоқдаги бир қанча манзилларга шошилмасдан боришни кўзда тутадиган муаллифлик йўналишлари;
қулай ва ишончли автомобиль, уни ҳайдашни яхши кўриш ва тегишли тажриба;
узоқ вақт йўлсиз жойларда автомобилда ҳаракатланиш ва одатий қулайликлардан узоқ шароитларда тунашга тайёр ҳамроҳларга эга бўлиш.
Зардуштий сукунат минораси.
Фото: Анзор Бухарский
Саёҳат йўналишини танлаш
Ўзбекистон бўйлаб автомобилда саёҳат қилиш – ўзига хос фалсафага ҳамда асосий эҳтиёжларини таъминлаган, бироқ романтизм ва дунёни англашга бўлган қизиқишини йўқотмаган феъл-атворга эга одамларга тўғри келади. Етарлича моддий имкониятлар ва бўш вақтга эга бўлганлар учун.
«Марғилон яқинидаги Қумтепа бозорида ҳайратини яшира олмаган кўчат сотувчисини ҳеч қачон унутмайман. Ҳар хил ёшдаги одамларни – фотограф Анзор Бухарскийнинг мастер-класси иштирокчиларини – кўриб, у бузуқ инглиз тилида қаердан эканлигимизни аниқлашга уринарди. Унга ўзбек тилида ҳаммамиз Тошкентдан эканлигимизни айтганимизни кўриб, ишонмади:

– Наҳотки Ўзбекистонда обод бўлмаган овлоқ жойларимизда вақтини ва пулини сарфлашга тайёр ғалати одамлар ҳам бўлса?!»
Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти жуда катта, лекин у ҳатто диққатга сазовор бўлган асосий шаҳарларда ҳам тўлиқ юзага чиқарилмаган. Ҳақиқий Ўзбекистонга қизиқсангиз, ҳар доимги йўллардан чиқиб кетиш керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда гуруҳ ва индивидуал йўналишларни таклиф қилувчи кўплаб гид ва жамоалар мавжуд: «Таинственный Узбекистан» («Сирли Ўзбекистон»), «Вместе.uz. Туризм», «Удивительное вместе». Фаол ҳудудий гуруҳлар ҳам мавжуд, масалан, «Ферганская долина-Путешествия» («Фарғона водийси-Саёҳат»). Қорақалпоғистонда Орол денгизининг собиқ туби бўйлаб жип-турлар машҳур. Мавзули микросаёҳатлар (масалан, этно-фото-авто-мастер-класслар) ва кенг миқёсли анъанавий автопойгалар, жумладан Мўйноқ раллиси, даврий Тошкент-Орол пойгалари ёки Discover Rally Tour лойиҳаси доирасидаги автоквестлар серияси мавжуд.

Telegram`да 96 мингдан ортиқ обуначи, Instagram`да 539 минг фолловернинг севимли «Open Uzbekistan» махсус лойиҳаси мустақил саёҳатлар учун қизиқарли жойлар ҳақида ҳикоя қилади.

Бир неча йиллардан буён «Узбекистан вдоль и поперек» («Ўзбекистон энига ва бўйига» – тарж.) автоэкспедициям режасини тузиб келяпман: режа бўйича бутун мамлакатни қамраб олиши керак бўлган маълумотларни мисқоллаб йиғиб, саёҳат йўналишини тўлдирмоқдаман.
Қамчиқ довонига элтувчи йўлдаги сўқоқ сомса.
Фото: Анзор Бухарский
Автомобилни танлаш ва тайёрлаш
Ҳар қандай автосаёҳатнинг асосий элементи, бу – маршрутда акс этган моҳиятни ўзида мужассамлаштирган автомобилнинг ўзи. Сафарга нимада кетилади, деган саволга ушбу йўналишнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб жавоб топиш керак.

Бутун Фарғона водийси ва Тошкент воҳасининг текислик қисмини енгил автомобилда босиб ўтиш мумкин. Агар саёҳат режасида тоғли жойлар, чўл бўйлаб ёки Устюрт платоси тепаликлари орқали ўтадиган йўл бўлса, йўлтанламас автомобилсиз буни амалга ошириб бўлмайди. Шу билан бирга, шахсий автомобилда саёҳат қилиб, зарурат туғилганида кроссоверларни ижарага олиш имконияти ҳам мавжуд. Масалан, Шаҳрисабзда Ҳисор тизмаси ён бағирларидаги Кўл ва Ғилон каби гўзал тоғ қишлоқларига ташриф буюриш ёки Нукусда шўрхокликлар оралаб Орол денгизи қолдиқларига саёҳат қилиш мумкин.

Бугун Тошкентда ҳар қандай турдаги автомобилларни ижарага олиш бўйича кўплаб таклифлар мавжуд. Йўлтанламас (внедорожник) ижараси арзонга тушмайди – чекланган босиб ўтиш масофаси билан кунига 750 минг сўм ва ундан ортиқ.
Йўналишни ўрганиш учун танланган автомобиль туридан қатъи назар, у техник жиҳатдан соз ва тўғри жиҳозланган бўлиши керак. Жўнаш арафасида машинага техник хизмат кўрсатишингиз керак – «ходовой» торттирилиши, мой ва фильтрлар алмаштирилиши, техник суюқликлар миқдори текширилиши, шиналар дамланган бўлиши керак.
Қишда печкасиз, ёзда кондиционерсиз бўлмайди. Юкхонада фойдаланишга тайёр захира ғилдирак, мажбурий авариявий тўхташ белгиси, нур қайтарувчи нимча ва ўт ўчиргичга қўшимча равишда ҳаво насоси, калитлар тўплами ва домкрат бўлиши керак. Ҳатто халқаро автомагистраллардаги автомобиллар ҳам кутилмаганда шина тешилишидан суғурталанмаган. Қишлоқ тупроқ йўлларида яширинишга ёки маҳаллий йўлсизликдан юришга мажбур бўлганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Тажрибали ҳайдовчи ўзи билан бирга аккумуляторларни боғловчи симлар («прикуриватель аккумулятора»), тортувчи трос, бакдан бензин тортиб чиқариш учун шланг, бензинли канистр ва воронкани ҳам олиб юради.

Қуёш кўзойнакларини албатта олишни унутманг — уларсиз Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиб бўлмайди.
«Ёқилғи сифати — алоҳида мавзу. Иномаркалар аксарият ҳолларда юқори октанли бензинлар: АИ-95 ёки ҳеч бўлмаганда АИ-92 талаб қилади. Тошкентда темир отингизга сифатли ёқилғини тўлдириб олиш қийин иш эмас. Аммо автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари кенг тарқалган ҳудудларда шартли равишда АИ-80 деб сотиладиган бензинни топишингиз мумкин».
Маҳаллий автомобилларнинг хорижий автомобилларга нисбатан кўзга ташланмайдиган афзаллиги шундаки, улар бузилган тақдирда ҳатто республиканинг энг чекка бурчагида ҳам таъмирланиши мумкин. Хорижий автомобилга келсак, катта эҳтимол билан сиз Тошкентдан мутахассислар ва эҳтиёт қисмларга буюртма беришингиз керак бўлади.
Фото: Анзор Бухарский
Жамоа йиғиш ва йиғимлар
Саёҳатдан олинадиган таассуротлар ва ҳис-туйғулар, биринчи навбатда, маршрут ёки машинага эмас, балки йиғилган ҳамроҳлар ва уларнинг кайфиятига боғлиқ. Фақат бир тўлқиндаги ҳамфикр йўлдошлар билангина автомобиль салонида узоқ муддат турли асаббузарликларсиз вақт ўтказиш мумкин. Дилдан мулоқот қуриш, қийинчиликларни енгиб ўтиш ва биргаликдаги тарихни ёзмоқчи бўлганларгина унчалик ҳам қулай бўлмаган шароитли саёҳатларни сўзсиз танлай олади.

Саёҳат давомида таассуротларни алмашиш, қизиқарли дақиқаларни муҳокама қилиш ва бир-биримизни хурсанд қилишни хоҳлаймиз. Агарда саёҳатчилардан бири саёҳат билан боғлиқ ноқулайликларни қабул қила олмаса ва ундан завқланмаса, бу барча иштирокчиларнинг кайфиятига ёмон таъсир қилади.
реклама
реклама
Айниқса, турли ёшдаги болалар билан амалга ошириладиган, кичик ёшдаги болаларга ҳам, ўсмирларга ҳам маъқул келадиган жойларни топиш қийин кечадиган оилавий саёҳатлар шундай хатар остида бўлади. Бундай ҳолатда ота-оналардан қўшимча истеъдод талаб қилинади: мультфильмлар, фильмлар, аудио эртакларни олдиндан юклаб олинг, қизиқарли ўйинлар ва танловларни ўйлаб топинг. Болаларни саёҳатдан анча олдин қизиқтиришни бошланг: улар саёҳатни интиқлик билан кутишлари учун режалаштирилган манзиллар ҳақида афсоналар ва эртакларни айтиб беринг.

Саёҳат барча иштирокчилар учун қизиқарли бўлиши учун уларнинг овқатланиш, дам олиш, қулай мавсумий кийимларга бўлган эҳтимолий эҳтиёжлари ва танловларини тўғри ҳисобга олиш муҳимдир. Болалар олдиндан ўрганиб қолган, синовдан ўтган ва қулай автомобиль ўриндиқларига эга бўлиши керак.
Саёҳатга чиқишдан аввал барча керакли ҳужжатларга эга эканлигингизга ишонч ҳосил қилинг:

  • ID-карталар ёки ички паспортлар;
  • болаларнинг туғилганлик гувоҳномалари;
  • Шоҳимардон ёки Сўх эксклавларига боришни режалаштирган бўлсангиз, хорижга чиқиш паспортлари;
  • асосий ҳайдовчининг ўрнини боса оладиган ҳар бир киши учун ҳайдовчилик гувоҳномалари.
Машина суғуртаси саналарини текширинг, саёҳат суғурта полисини расмийлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини ҳал қилинг.
Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ мажбурий биринчи тиббий ёрдам тўплами билан бир қаторда сизга ва экипажнинг қолган қисмига керак бўлиши мумкин бўлган дори-дармонларни (антигистамин (аллергияга қарши – тарж.), оғриқ қолдирувчи, иситма туширувчи, қон босими, диареяга қарши ва бошқалар) олинг. Машинада ичимлик сувининг етарлича захирасининг бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бу, айниқса, жанубий ҳудудларга, чўл ва ярим чўл ҳудудларига саёҳатлар учун долзарб.

Барча автосаёҳатчилардан алоҳида илтимос – ўзингиз билан чиқинди қопларини олиб юринг. Табиат қўйнида дам олиш ва пикник қилгандан кейин ҳудудни тозалаб кетинг, болалар билан экологик мавзуларни муҳокама қилинг, уларга экологик масъулиятли хатти-ҳаракатлар билан тўғри ўрнак бўлинг.
Фото: Анзор Бухарский
Маиший масалалар
Автосаёҳат қилишни режалаштирар экансиз, маршрутингиз цивилизациядан узоқда бўлишини ёдда тутишингиз керак. Шаҳар шовқинидан дам олиш, табиат билан бирдамлик, қишлоқ ҳаётига шўнғир экансиз, маиший ноқулайликлардан қочиб бўлмайди.

Масалан, Қамчиқ ва Резак тоғ довонлари орқали Фарғона водийсига олиб борадиган йўлда яқинда кўплаб пуллик жамоат ҳожатхоналари пайдо бўлди, бироқ уларнинг ҳолати кўпчинча таъсирчан одамларни қаноатлантирмаслиги мумкин. Қолган барча автотрассасалар, айниқса республика аҳамиятига эга йўллардан узоқларда эса бундай ҳожатхоналарни топиш ўта мушкул масала.

Йўл бўйидаги ошхонада ёки чойхонада овқатланиб, тетикланиб олиш учун тўхтаганда алюмин қошиқлар қўйилиши, вилка ва пичоқларнинг бўлмаслигига тайёр туринг. Бу муаммони йўлга тайёргарлик кўраётганда ўзингиз билан қошиқ-вилкаларни олиш билан осонгина ҳал қилиш мумкин. У ерга шахсий гигиена воситалари: нам салфеткалар ва дезинфекциялаш воситаларини ҳам қўшинг.

Саёҳат пайтида доимо маҳаллий ошхонани татиб кўришни ва пазандалик дурдоналарига баҳо беришни хоҳлайсиз. Аммо экзотик нарсаларни синаб кўришдан олдин, маҳсулотларнинг таркиби ва тайёрланиш усули билан қизиқинг. Акс ҳолда, сиз режалаштирган саёҳатдан бутунлай бошқача таассуротларга эга бўлишингиз мумкин.
«Йўл бўйидаги умумий овқатланиш шохобчаларига салбий муносабатда бўламан. Нархлар қиммат, сифат эса паст бўладиган бундай муассасалар ҳар доим кимдир биринчи ва катта эҳтимол билан охирги марта кириб қолишига ишонишади

Маҳаллий аҳоли қаерда овқатланса — маҳалла чойхоналарида, оддий, аммо гавжум ошхоналарда, ўша ерларни тавсия қиламан. Яхши муассасанинг яққол белгиси унинг ёнида тўхтаб турган ЙҲХХ расмий машинасидир: йўлнинг ушбу қисмига масъул инспекторлар қаерда мазали ва арзон овқатлар бўлишини аниқ билишади».
«Сиз тунни чодирда ҳам, уйқу халтасида ўтказишингиз ҳам ўтказишингиз ёки машинада қолишингиз ҳам мумкин. Бироқ ўзим бундай тажрибаларим билан мақтана олмайман. Одатда ўз йўналишларимни ёввойи пейзажлардан баҳраманд бўлиш учун тузмайман: мени кўпроқ олис шаҳар ва қишлоқлар аҳолисининг турмуш тарзи, кундалик ҳаёти қизиқтиради.

Узоқ автосаёҳатларда тўлақонли дам олишнинг аҳамиятини ортиқча баҳолаш қийин. Турар жой танлашда мен доим меҳмонхона ёки меҳмон уйида қолишга ҳаракат қиламан. Бу нафақат кучни тиклаш ва яхши ухлаш, балки саёҳатни давом эттиришдан олдин нонушта қилиш имконини ҳам беради. Ўзбекистон фуқаролари учун нархлар, назаримда, мақбул. Афсуски, автоуловда мустақил саёҳатда ҳукумат томонидан сентябрь ойидан ваъда қилинган кешбэк тизими – меҳмонхона харажатлари учун 15 фоизлик компенсация билан таъминланиши даргумон.
реклама
реклама
Шунингдек, меҳмонхонада гаджетларни қувватлаб олишингиз, хотира карталаридагиларни ноутбук ёки ташқи дискка ўтказишингиз, шунингдек, Wi-Fi орқали саёҳатнинг навбатдаги участкаси бўйича навигация учун офлайн харитани юклаб олишингиз мумкин. Тетиклаштирувчи душ – усиз бўлармиди?!
Фото: Анзор Бухарский
Йўлдаги хавфсизлик
Автомобилда саёҳат қилишда жисмоний чарчоқ, техник носозликлар, йўл ҳаракатининг ўзига хос жиҳатлари, географик ва иқлимий хусусиятлар ва ноодатий рельеф билан боғлиқ ҳар қандай хавф-хатарларга дуч келишингиз мумкин.

«Менинг тажрибамда шундай воқеа бўлганки, биз ҳозир уни бахтли деб эслашни яхши кўрамиз. Аммо ўша пайтда кайфиятимиз қувноқ эмас эди.

Қайсидир йили кузда Қадимги Хоразм қалъаларини айланишга чиқдик, Тупроққалъа, Қирққизқалъани томоша қилдик. Аёзқалъа этагида тушлик қилиб, ичкарироққа кетдик. Маълум бўлишича, Қизилқум орқали ўтадиган равон асфальт йўл маккор тузоқ тайёрлаб қўйган экан – катта тезликда кетар эканмиз, саҳродан шамол олиб келган бир қумтепаликка кириб қолдик. Қумдан чиқмоқчи бўлган Нексиямиз таги теккунига қадар унга чуқурроқ ботди.

Атроф чегарасиз горизонтдан иборат – кўзга илинадиган ҳеч нарса йўқ, оёқ остида олтинранг қум ва километрларча теваракда ҳеч зот йўқ. Бахтимизга бу ерларда алоқа бор экан, акам эса ярим соат аввал Раъно опа – Аёзқалъа ўтовли лагерининг меҳмондўст бекасининг телефон рақамини ёзиб олганди. У ёрдамга юк машинасини жўнатди, у бизнинг енгил машинамизни билқиллаб турган қумдан чиқариб олди».
Бухоро ва Хива ўртасидаги автотрасса бўйлаб қумни тутиб туриш учун мўлжалланган тўсиқлар.
Фото: Анзор Бухарский
«Ушбу воқеа менга хавфсизлик масалаларини биринчи ўринга қўйишни биринчи ва охирги марта ўргатди. Бу ишда майда нарсаларнинг ўзи йўқ. Автомобилнинг техник ҳолати ҳамда юкхонадаги эҳтиёт қисмлар ва асбобларнинг тавсия этилган рўйхати юқорида айтиб ўтилган. Ушбу қисмда мен сизга қийин вазиятда ёрдам берадиган бошқа маслаҳатларни бераман».
1
Алоқа
Ўзбекистондаги барча уяли алоқа операторларининг фаол СИМ-карталари бўлиши мақсадга мувофиқ. Узоқ ҳудудларда кўпинча фақат битта операторнинг таянч станцияси ўрнатилади. Қувватланган повер-банклар ва маршрут бўйлаб ҳудуднинг олдиндан юкланган офлайн хариталарини эслатишнинг ҳожати йўқ.
2
Контактлар
Эртанги кун маршрутини кўриб чиқар экансиз, энг яқин техник хизмат кўрсатиш ва ёқилғи қуйиш шохобчаларининг телефон рақамларини ёзиб олинг. Узоқ ва чўл ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилаётганда, йўлда учратадиган ҳар бир киши билан мулоқот қилишга ҳаракат қилинг. Тасодифий суҳбат ва контактлар алмашинуви саёҳатингиз бойитади ва фавқулодда вазиятда сизга йўл ёки фойдали маълумотни топишга ёрдам беради.
3
Диспетчер
Шаҳарда қолган яқин кишингиз сизнинг маршрутингизни кузатиб турса яхши. Олис йўлга чиқишдан аввал, айниқса йўл давомида алоқа узилиб қоладиган бўлса, диспечерга карта скриншотини ташлаб қўйинг. У билан маълум вақтгача алоқага чиқмасангиз, сизни излашни бошлаши кераклигини келишиб олинг.
4
Бошланғич тиббий тайёргарлик
Автосаёҳат иштирокчиларининг сунъий нафас бериш ҳамда синиш, куйиш, қон оқиши, юрак, инсульт ҳамда заҳарли илон ва ҳашаротлар чақиши билан боғлиқ муаммолар вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни билиши муҳим.
5
Ҳайдаш режими
Йўлга чиқишдан аввал ҳайдовчи яхшилаб дам олиши ва ухлаши керак. Ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз ёки беқарор ҳиссий ҳолат бўлса, шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитида саёҳатдан ёки уни давом эттиришдан бош тортган маъқул.

Автомобилни фақат куннинг ёруғ вақтларида, йўл яхши кўринганида ҳайдаш тавсия этилади. Ҳудудларда йўллар камдан-кам ёритилган. Бу ерда катта юк машиналари кўпинча «учиб юришади». Доимий равишда яқин ва узоқ нурлар ўртасида ўтиш зарурати, яқинлашиб келаётган автомобилларнинг кўзни қамаштирадиган чироқлари, айниқса ёмғирда ва нотаниш йўлда ҳайдаш жуда чарчатади.
Саёҳат вақтида ҳар икки соатда қисқа вақтга тўхташ тавсия этилади. Машинадан тушинг, унинг ташқи қисмини айланинг, шиналарни кўздан кечиринг, чироқлар ва кўзгуларни артинг, юзингизни ювинг. Оғир овқатдан кейин дарҳол рулга ўтирмаслиика ҳаракат қилинг.

Кунига саккиз соатдан ортиқ машина ҳайдамаслик яхшироқ. Ўн соат — максимал чегара, ҳайдовчи ўрнини эгалловчи бўлмаса, ўн соатдан ортиқ ҳайдаш, албатта, ортиқча.
Фото: Анзор Бухарский
Лайфхаклар
Автосаёҳатингизни ёқимли ва муваффақиятли қилишга ёрдам берадиган асосий лайфхик — бу юқоридаги бешта бандга ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишдир. Шунда изингиздан «бахт мактублари» етиб келмайди, ЙПХ ходимлари билан баҳслашишингиз шарт бўлмайди. Агар барибир бунинг учун сабаблар туғилса, яхши авторегистратор фойдангизга хизмат қилиши мумкин.

Ҳудудларда машина ҳайдаш маданияти кўп ҳолларда Тошкентдагидан ҳам ёмонроқ — бурилиш чироқларини ёқмасдан тўсатдан йўлакни ўзгартириш, полосалар ва сидирға чизиқларни менсимаслик ва ҳоказолар. Шунинг учун тезлик режими ва масофани сақлаш, асабийлашмаслик ҳамда ҳовлиқма ҳайдовчиларга йўл берган маъқул. Шунингдек, пиёдалар, қишлоқ жойларда эса ҳайвонларнинг қатнов қисмига чиқиб кетиш хавфини ҳам ҳеч қачон унутмаслик керак.
реклама
реклама
Ҳар доим нақд пул захираси ёнингизда бўлсин – банкоматлар ҳамма жойда ҳам бор эмас, ҳар доим ҳам ишлайвермайди ёки пули бўлмаслиги мумкин. Меҳмонхона, АЁҚШ ва ошхоналарда имкон қадар картада тўлов қилинг, нақд пулларни муқобилсиз ҳолатлар учун сақлаб қўйинг.

Тез-тез бензин қуйиб туришга ҳаракат қилинг, асбоблар панелидаги қизил чироқ ёнишини кутманг. Ёқилғи бакининг фақат ярмидан фойдаланишни қоидага айлантиринг ва уни имкон қадар тезроқ тўлдиринг.
Фото: Анзор Бухарский
Ташкиллаштирилган туризмнинг оворагарчиликлари камроқ. Ахир сиз режалаштириш ва маиший масалаларни ҳал қилишни сайёҳлик агентликлари ва компанияларига топширасиз. Аммо фақат автомобилда саёҳат қилиш ўзига хос эркинлик ва ўз ҳаёти учун тўлиқ масъулият ҳиссини беради, шунинг учун ҳам уни фаол ва ташаббускор одамлар танлайди.
Фотосуратлар муаллифи: Анзор Бухарский.
«Газета.uz» интернет-нашри сайтида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг