Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси ташкил этилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Таъкидланишича, мазкур бошқарма Маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм, гуманитар алоқалар соҳаларида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида тузилди.

Вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдухалимов бир вақтнинг ўзида мазкур бошқармага раҳбарлик қилади.

Янги бошқарма фаолиятида «юмшоқ куч», халқ, маданий ва спорт дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилади, дейилади хабарда.

Анвар Абдухалимов.

«Бошқарма хорижий музей фондлари, архивлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистоннинг миллий маданий ва илмий меросларини излаб топиш, қайтариш, шу жумладан асл нусхаларнинг дубликатларини олиш орқали қайтаришда иштирок этади. Ўзбек тили, маданияти, тарихи, адабиётини хорижда ўрганиш ва тақдим этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади», — дейилади хабарда.

Қолаверса, тузилма ваколатига кирувчи йўналишлар бўйича талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, олий ўқув юртлари ўртасида ва академик шартномалар ҳамда меморандумлар тузиш чораларини кўради.