Президент 29 июнь куни «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, мамлакатда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида ўзининг юксак азму шижоати, билим ва салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, турли соҳаларда эришган ютуқлари билан Янги Ўзбекистон тараққиётига, унинг шон-шуҳратини жаҳон миқёсида янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, эл-юртга меҳри ва садоқати, намунали хулқи ва одоби ҳамда ватанпарварлик фазилатлари билан тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ташаббускор ва етакчи ёшлар «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.

Эътиборлиси, 45 нафар тақдирланган ёшларнинг орасида «Газета.uz»нинг «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси қаҳрамони — АҚШнинг Amazon компаниясида бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Ходжаева ҳам бор.

Шаҳлонинг интервьюсидан қизиқарли фикрларнинг қисқа шаклини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Яхши бўлишнинг ўзи етарли эмас, биргаликда ишлаётган одамларга меҳрибон бўлишингиз ҳам керак, бу эса уларга ёрдам беришга тайёр туришингиз керак дегани. Бунинг учун баъзан танқидий руҳда бўлишингизга ҳам тўғри келади. Бундай ҳолларда ходимнинг ўсишига ёрдам бериш учун совуқроқ ва қаттиқроқ суҳбат ўтказиш керак — ва бу шунчаки яхши ва мулойим бўлишнинг тескариси бўлади».

«Америкада эса ҳаёт мустақилроқ. Одатда болалар 18 ёшга етмай уйларини тарк этиб, катта ҳаётга қадам ташлайди. Уйдан ажралиш уларни молиявий жиҳатдан мустақил бўлишга, мустақил фикрлашга, ўзини ўзи таъминлашга ва шахсий макон ҳақидаги тасаввурларга эга бўлишга мажбур қилади. Бундан ташқари, Америка жамияти феминизм ва аёллар ҳуқуқлари нуқтаи назаридан анча илғор».

«Ўтган йиллар давомида юртимизнинг ватандошларни Ўзбекистонга қандай муваффақиятли қайтарганини кўрдим. Энг катта муаммо, бу — истеъдодларни мамлакат ичида сақлаб қолишдир».

«Бизга IТ-мутахассислиги тўлақонли аёллар касби ҳам эканини кўрсата оладиган кучли аёл қаҳрамон ва ўрнак бўла оладиганлар керак. Қизлар учун уларни технология соҳасида ўқишга ва янада ривожлантиришга руҳлантирадиган мактаб ва университет дастурлари ҳамда грантлар ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга».

«Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида Шаҳло Ходжаева билан тўлиқ суҳбатни мазкур ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.