30 июндан 1 июлгача Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси раиси Абдулла Шаҳид томонидан чақирилган БМТнинг глобал йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича биринчи юқори даражадаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Дунё бўйлаб ҳар 24 сонияда бир киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади. Ҳар куни йўлларда ўртача 3500 киши ҳалок бўлади, улардан 500 нафари болалар. Йиғилишга мезбонлик қилувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, бу йилига тахминан 1,3 млн киши дегани. Ҳар йили яна 50 млн киши жароҳат олади, кўпинча умрбод оқибатларга олиб келади.

5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ва ёшларнинг бирор бир касаллик ёки соғлиқ учун бошқа хатарлардан кўра йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлиш хавфи юқори. Бу фактларнинг барчаси йўл ҳаракати хавфсизлиги барча мамлакатлар учун муаммо эканлигини тасдиқлайди, дея қайд этади БМТ.

«Дунё йўлларида хавфсизликни яхшиламасдан туриб, барқарор ривожланишни амалга ошириш мумкин эмас», — деди БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси (ЕИК) ижрочи котиби Ольга Алгаерова. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, дунёда бу соҳадаги вазият ёмонлашмоқда.

Ўзбекистонда 2021 йилда болалар иштирокида 1409 та ЙТҲ содир бўлган, уларда 1209 нафар бола жароҳатланган, 246 нафари вафот этган. Жароҳатланган ва ҳалок бўлган болаларнинг қарийб 70 фоизи пиёдалар, 11 фоизи велосипедчилар, қолган 20 фоизга яқини эса автомобиль йўловчиларидир. Ўтган йили йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг умумий сони қарийб 2500 кишини ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан ўсган.

Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатларини бартараф этиш харажатлари ҳар йили мамлакатларга ЯИМнинг 2−5 фоизини ташкил қилади. ЙТҲлар асосан аҳолининг энг камбағал қатламларига таъсир қилади. Ўлимнинг 90 фоиздан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда содир бўлади, Африкада энг юқори ўлим даражаси 100 минг аҳолига 26,6, Европада эса 9,3 тани ташкил этади.

Дунёдаги барча ЙТҲларнинг ярмидан кўпи энг заиф йўл фойдаланувчилари — пиёдалар, велосипедчилар ва мотоциклчилар орасида содир бўлади.

«Биз ҳаракатчанлик ва транспорт учун бундай нархни тўлашга мажбур эмасмиз. Бундай миқёсда бахтсиз ҳодисаларни оддийгина „бахтсиз ҳодисалар“ деб ҳисоблаш мумкин эмас. Аслида бу ўлим ва жароҳатларда муқаррар нарса йўқ, — деди Ольга Алгаерова. — Чунки биз хавфсизроқ транспорт воситаларини яратишни биламиз; биз хавфсиз йўлларни қандай қуришни биламиз; биз йўл ҳаракатининг аниқ ва изчил қоидаларининг қадрини биламиз».

Ўтган йили 2021−2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўн йиллик ҳаракат глобал режаси (ПДФ) қабул қилинди. У 2030 йилга бориб ЙТҲларда ўлим ва жароҳатлар сонини 50 фоизга камайтиришни мақсад қилган. «Бугунги кунда биз бу кўрсаткичдан анча узоқмиз», — деди Ольга Алгаерова.

У БМТга аъзо давлатларни йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўзларининг сиёсий ва молиявий мажбуриятларини бажаришга чақирди, шу жумладан, янги ва ишлатилган барча транспорт воситалари учун БМТнинг минимал хавфсизлик стандартларини бажаришдан бошлаб.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари шаҳарсозликдан тортиб, таълимгача бўлган миллий стратегияларга киритилиши ва миллий бюджетларда етарлича маблағ ажратилиши керак», — деди БМТ ЕИК ижрочи котиби.

Йиғилиш якунида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш «зудлик билан ривожланишнинг устувор йўналиши, аҳоли саломатлиги ва ижтимоий адолат масаласи» эканлиги таъкидланган сиёсий декларация қабул қилиниши режалаштирилган (ҳужжат лойиҳасидан).

Май ойида БМТ ЕИК ЮНИСЕФ кўмагида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий шарҳини тайёрлашни бошлагани хабар қилинган эди. Кузатувлар 12 ой ичида ўтказилади. Унинг натижалари Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги сиёсатни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.