Гонгконгдаги The Arch осмонўпар бинода жойлашган Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ пентхаус у 2016 йилдан буён бир неча мамлакатда суд тергови остида бўлишига қарамасдан, қайта сотилган. Бу ҳақда Канаданинг The Globe and Mail нашри хабар қилди.

Газетанинг ёзишича, 2008 йилда пентхаус Гулнора Каримовага алоқадорлиги айтилаётган Zeromax компаниясига 36,5 млн долларга сотилган. Орадан уч ой ўтиб, квартира хонанда Рустам Мадумаров назорати остида Гонконгнинг Expoline компанияси томонидан таъсис этилган Rudolph Alliance`дан бўлган офшор компаниясига катта чегирма билан сотилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йилда ушбу мулк ҳақида маълум қилган, ўшанда у 15 млн долларга баҳоланган. Агентликнинг қайд этишича, 12 та хорижий давлат ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг қарийб 1,4 млрд доллар, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт стерлинг ва 18,5 млн франк миқдоридаги қонунийлаштирилган активлари илгари аниқланган.

Гулнора Каримова 2015 йилда беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, 2019 йилда колонияга ўтказилган эди. У 2020 йил март ойида «давлат маблағларини ўзлаштириш ва Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган битимлар тузиш, шунингдек, ўта йирик миқдорда товламачилик йўли билан ўзгаларнинг мулкини эгаллаб олиш» фактлари бўйича яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

The Globe and Mail нашрининг қайд этишича, ҳатто бир қанча мамлакатларда судга тортилгани ва 2013 йилда Гулнора Каримованинг шериклари, жумладан Рустам Мадумаровнинг ҳибсга олиниши ҳам маблағ оқимини тўхтата олмади. 2016 йилда The Arch`даги пентхаусга эгалик қилган ва Рустам Мадумаров назоратида бўлган компания уни 68,4 млн долларга сотган.

Ирландиянинг Ольстер университети профессори ва Ўзбекистонлик эксперт Кристиан Ласслетт мазкур келишувни «мутлақо ишониб бўлмайдиган» деб атади ва бу «эҳтимол, дунёга машҳур бўлган ва адолатли суддан қочган клептократия иши» билан боғлиқ активларга мисол эканини айтди.

Каримованинг женевалик адвокати Грегуар Манжа аввалроқ Гулнора Каримова Zeromax`га алоқадорлигини ҳар доим қатъиян рад этиб келганини таъкидлаб, Швейцария прокуратураси 2017 йилда уни компания билан боғлашга уринган ишни рад этганига ишора қилган эди.