Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ҳамда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманларида чет эл валютасини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Бўстонлиқ туманидаги ҳолатда Чирчиқ шаҳрида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритиш фаолияти билан шуғулланганликда гумонланган Д.А. бошқа бир фуқаро Ш. га жами 5200 АҚШ долларини 57 млн сўмга сотган вақтида ушлангани айтилмоқда.

Пахтакор туманидаги вазиятда эса 3500 АҚШ долларини фуқаро Ж.га жами 38,2 млн сўмга сотган вақтида гумондор А.Н. ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.