Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонаси, Хатак бўлими, Боғли дара массивида милоддан аввалги 100−40 минг йилликка оид неандертал одам макони топилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос агентлиги хабар берди.

Хатак ғори 2021 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази докторанти Холиёр Ойназаров томонидан петроглифларни қидириш жараёнида топилган. Ёдгорликда ўрганиш ва дастлабки қазишмалар 2022 йил июнь ойида олиб борилган.

«Қазишма давомида вертикал қоянинг юзасида 15−20 метр баландликда ҳосил бўлган ва кириш жуда қийин бўлган ушбу ғорда тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари билан бирга 100−60 минг йил олдин яшаган неандертал одам ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси (кул, думалоқ ўчоқ қолдиқлари) сақланиб қолганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

«Газета.uz»га археолог, Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зебунисо Алимардонованинг маълум қилишича, айнан неандертал одами макони дейилишига сабаб, «ҳудди Тешик-Тош ғоридан топилган тош қурол материаллари билан бу ерда топилган бужмлар бир хил».


«Археологияда биринчи даврлаштириш моддий манбага асосланиб сана берилади. Бундан ташқари, палеонтолог, австралиялик мутахассис Жулиен Луис чақирилган ва ўша атрофдаги тупроқдан таҳлил учун материал олинган. Бу бирламчи тахмин эмас, бу факт», — деди Зебунисо Алимардонова.


Жулиен Луис.

Профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида Бош илмий ходими, археолог Рустам Сулеймановнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, бутун тўртламчи даврда Ўрта Осиёда содир бўлган фаол орогенез жараёнининг навбатдаги тектоник кўтарилиши вақтида Хатак дарёси қирғоқлари кескин кўтарилиб, дарё ўз узанини чуқурлаштирган.

«Бу эса ғорга на ҳайвонлар, на одамлар етиб бора олмайдиган қилиб қўйган. Хатак ғорининг тошга ишлов бериш техникаси Тешик-Тош ёдгорлигидаги каби. Аммо 1939 йилда олиб борилган қазишмаларда Тешик-Тошнинг барча маданий қатламлари вайрон қилинган. Ҳозирда табиий фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда археологик тадқиқот усуллари анча олдинга силжиди. Маданий қатламнинг ўзи бизга бу эрда яшаган неандерталлар даврининг муҳити ва иқлими (палинология ва палеогеографияси) ҳақида маълумот бериши мумкин», — деди профессор.

Профессор Рустам Сулейманов.

Унинг қўшимча қилишича, Европанинг ўрта палеолит даври ғорларидан бирининг маданий қатламларида уч хил турдаги неандертал одамнинг геном қолдиқлари топилган.

«Бу бизга Хатакда яшаган неандертал одам геномини аниқлаш учун ажойиб имконият беради. Бу ноёб археологик ёдгорлик келажак учун сақланиши керак», — деди археолог.