«Савдогар» хусусий банки ўз номини «Гарант банк» этиб ўзгартиради. Ягона корпоратив ахборот портали маълумотларига кўра, 17 июнь куни акциядорлар йиғилишида қарор қабул қилинган.

Банк раҳбариятига номини ўзгартириш бўйича барча ташкилий чораларни кўриш топширилди.

Ушбу кредит муассасаси 1994 йил май ойида савдо ташкилотларига хизмат кўрсатиш, улар билан иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари корхоналари ўртасидаги савдо операциялари ва ҳисоб-китобларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилган. Кейинчалик банк «Енгилсаноатбанк» ва «Мевасабзавотбанк»ни ўз таркибига қўшиб олди.

Декабрь ойида тадбиркор Рауф Комилжонов «Савдогар» акциядорлик жамиятининг назорат пакетини 10 млрд сўмга қўлга киритди, кейин эса банкнинг яна 45,73 фоиз улушини 71,3 млрд сўмга сотиб олди ва улушини 99 фоизга оширди.

2022 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича банк 2,2 млрд сўм фойда олди. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларида келтирилишича, 1 июнь ҳолатига кўра, банк активлари 1 трлн 370 млн сўмдан ошган. Банкнинг кредит портфели 946 млрд сўмни ташкил этади, шундан 106 млрд сўми (11 фоизи) муаммоли ҳисобланади.