Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессиясида Хива 2024 йил «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ғалабанинг асосий омиллари сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туризм соҳасида юритилаётган очиқлик сиёсати, виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этди, дейилади хабарда.

Азиз Абдуҳакимов. Фото: Туризм вазирлиги матбуот хизмати.

Хиванинг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отел ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланди.

«Ислом дунёсининг туризм пойтахти йили доирасида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг йиғилиши юқори даражада ўтказилади. Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан ташкил этилган „Ипак йўли“ халқаро туризм университети базасида ИҲТ давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади», — деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари — бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.

Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига 5 давлатдан шаҳарлар номзоди қўйилган бўлиб, булар:

  • Абу-Даби (БАА);
  • Шанлиурфа (Туркия);
  • Лаос (Нигерия);
  • Душанбе (Тожикистон);
  • Хива (Ўзбекистон).

«Сўнгги йилда бу шаҳарлар орасида номинацияда ғолиблик учун шиддатли кураш кузатилди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида Хива шаҳрининг „Ислом дунёсининг туризм пойтахти“ мақомини олишига доир қарорга келинишига эришилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ғалабага эришиш йўлида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги 2019 йилдан буён тизимли равишда иш олиб бормоқда, яъни бу орада Хива шаҳри номзоди киритилиб, ИҲТга аъзо давлатлар билан тегишли ишлар олиб борилган — ИҲТ давлатларининг туристик маъмурияти раҳбарлари билан онлайн учрашувлар, музокаралар ва тақдимотларнинг ўтказилиши шулар жумласидандир.