Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахобов ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Март ойида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Даврон Ваҳобов Савдо-саноат палатасига раҳбар этиб тайинланган эди.

Йиғилишда тўқимачилик соҳасида мутахассислар тайёрлаш, илм ва изланиш бўйича Тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки яхлит тизим асосида ишлаши белгиланди.

Институтда янги ўқув йилидан:

  • 3 ва 4-курс талабаларини ўқитишда «дуал» таълим тизими жорий қилинади;
  • улар ҳафтанинг уч кунида институтда назарий дарслар, қолган уч кунида тўқимачилик технопарки ва корхоналарда амалий ўқув машғулотлар асосида ўқитилади;
  • нуфузли хорижий тўқимачилик олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 6 та йўналишда талабалар алмашиш дастури йўлга қўйилади.

Мутасаддиларга элчилар билан бирга йил якунига қадар Туркия, Корея ва Ҳиндистон каби илғор тажрибага эга мамлакатлардан 40 нафар малакали ўқитувчиларни олиб келиш топширилди.

Шу билан бирга, Тўқимачилик технопаркини соҳага янги тажриба ва инновацияни олиб кирадиган марказга айлантириш вазифаси қўйилди.