Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Тошкент шаҳрида бажарилаётган инвестиция лойиҳалари, хусусан «Янгиҳаёт» индустриал технопаркида кетаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди. Тақдимот ҳақида мутасаддилар берган маълумот Ўзбекистон 24 каналида эфирга узатилди.

Технопарк қурилиши 4 февралдаги президент қарорида белгиланганди. Давлат раҳбари Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида мажмуанинг умумий лойиҳаси билан танишганди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов технопаркдаги ер майдонлари «фақат аукцион орқали ажратилиши»ни маълум қилганди.

Технопарк учун 210 гектар майдон ажратилган. Бош режа ишлаб чиқилиб, бугунги кунда муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш бошланган.

Президент бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан муҳим лойиҳа эканини таъкидлади.

«Ҳеч қайси давлатда тадбиркорга енгиллик яратмасдан туриб, натижага эришиб бўлмайди. Бу технопарк тадбиркорлар учун қулай майдон бўлиши керак. Импорт ўрнини босадиган, кўпроқ одамларни иш билан таъминлайдиган лойиҳаларга эътибор қаратиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчи босқичда технопаркнинг 110 гектар майдони аукционда сотилган. Уларда ошхона жиҳозлари, қандолатчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари, сантехника товарлари, полиэтилен ва металл буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилган. Умуман, технопаркда ташкил этиладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Тошкентда хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ҳам имкониятлар катта. Ўтган беш ойда бу соҳада 5500 та лойиҳа доирасида 183 мингта иш ўрни яратилган, дейилади хабарда.

«Янгиҳаёт» индустириал технопарки ҳудудида Accord-Vision МЧЖ томонидан сантехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси. Фото: Ўзбекистон 24 канали кадридан лавҳа

Solid Advance Group МЧЖ томонидан такил этилган қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси

Фото: Ўзбекистон 24 телеканали. Кадрдан лавҳа

Давлат раҳбари аҳолининг талаби ва имкониятлари ўсиб бораётганини айтиб, хизматларни ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Мутасаддиларга ёшларни бу соҳа бўйича ўқитиб, хизматлар сифатини ва бандликни ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.

2022 йил пойтахтда қарийб 4 млрд доллар инвестиция ҳисобига 500 дан зиёд лойиҳа режалаштирилган. Ҳозирда шундан 1,5 млрд доллари ўзлаштирилган. 120 млн долларлик 71 та лойиҳа ишга туширилиб, 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Умумий миқдори 2,3 млрд долларлик яна 450 та лойиҳа бўйича иш кетмоқда.

Давлат раҳбари биринчи ярим йилликдаги кўрсаткичлар етарли эмаслигини таъкидлаб, кечикаётган лойиҳаларнинг муаммосини ҳал қилиш, инвестициялар жалб этишни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.