25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг йиғилишида пенсия миқдорини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Шанба куни ўтган мажлисда қўмита аъзолари томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш масаласи дастлабки тарзда муҳокама қилинган.

Депутатлар томонидан таклиф этилаётган лойиҳага кўра, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача ошириш назарда тутилмоқда.

Яъни, фуқаронинг ўртача ойлик иш ҳақи пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг (2022 йил 1 майдан — 324 минг сўм) 10 баравари қисми (324000×10=3 240 000) пенсия тайинлашда инобатга олинади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги пенсия жамғармаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ушбу чегарани 12 баробар (324000×12=3 888 000). этиб белгилаш таклиф этилмоқда.

«Буни фуқароларга фойдаси — даромади юқори, масалан 3 700 000 ойлик олган фуқарога пенсия тайинлашда фақат 3 240 000 миқдори олинарди, қолган қисми инобатга олинмайди. Эндиликда пенсия тайинлашда 3 888 000 сўмни инобатга олиш таклифи берилган, бу пенсия миқдори сезиларли ошишини таъминлайди», — дейилади Пенсия жамғармаси хабарида.

Қўшимча қилинишича, ушбу ўзгариш ойлик иш ҳақи 10 баробардан кам фуқароларга таъсир қилмайди.

Йиғилишда қўмита аъзолари қонун лойиҳасига дастлабки тарзда ижобий хулоса берди. Ҳужжат энди қуйи палата Кенгашининг навбатдаги мажлисида муҳокамага қилинади. Шундан сўнг, депутатлар лойиҳани уч ўқишда маъқулласа, ҳужжат қабул қилиниб, Сенатга юборилади.

Эслатиб ўтамиз, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ПҲБМнинг 10 бараварини ташкил этадиган амалдаги тартиб президентнинг 2019 йил 1 январаги [5597-сон] фармони билан йўлга қўйилган.