«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон аҳолиси ўртасида Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга муносабатини ўрганган ҳолда телефон орқали сўров ўтказди.

Унинг натижаларига кўра, 88% сўров иштирокчилари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тўплаш жараёни бошланганидан хабардор.

83% респондент конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва замонавий шароитларда Конституцияни такомиллаштириш заруриятини эътироф этади, деб ёзмоқда «Ижтимоий фикр».

76% респондентлар Конституциявий комиссиянинг фаолияти тўғрисида билишади.

47,2% респондентлар тақдим этилган имкониятдан фойдаланиш ва Бош қонунни такомиллаштириш жараёнида иштирок этишни ўзи учун муҳим, деб ҳисоблайди. 24,1% фуқаролар ушбу имкониятдан фойдаланиб, амалдаги Конституцияга киритиш учун ўзининг таклиф ва қўшимчаларини билдиришган.

Шунингдек, марказ респондентлардан Бош қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёни ҳақида ахборотни қаердан олаётганларини сўради. Сўровда қатнашган фуқароларнинг 32,8 фоизи телевидение, 23 фоизи SMS-хабарлар ҳамда 17 фоизи ижтимоий тармоқлар (Facebook, Instagram) орқали олган.

Сўровнома таҳлили шуни кўрсатадики, сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, Конституцияда акс эттирилиши лозим бўлган асосий долзарб йўналишлар қуйидагилардан иборат:

  • давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш;
  • инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни кучайтириш;
  • аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг (ногиронлиги бўлган шахслар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар, боқувчисини йўқотган аёллар, кексалар ва пенсионерлар) ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш;
  • ёшларнинг давлат ва жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш.

Респондентларнинг фикрича, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳуқуқларни амалга ошириш масалалари ҳамда умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш, хусусий мулк муҳофазасини кучайтириш ва таълим сифатини таъминлаш муҳим йўналишлар ҳисобланади.

Сўров иштирокчилари мамлакатнинг Бош қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш катта масъулиятни ва ҳар бир фуқаронинг иштирокини талаб қиладиган, мамлакатнинг истиқболдаги ривожига таъсир қилиши мумкин бўлган жараён эканлигини англайдилар, деб ёзади марказ.