Жорий йилнинг бошидан 20 июнга қадар Ўзбекистон ҳудудида сувга чўкиб ҳалок бўлганлар 65 нафар фуқарони ташкил этмоқда, шунинг ярмидан кўпроғи вояга етмаган болалардан иборат.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати бошлиғининг ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев қурбонларнинг ёш ва ҳудудлар бўйича таснифи, инсонлар кўпроқ қайси ҳолатларда чўкиб кетаётгани, чўкаётган шахсни қай усулда қутқариш кераклиги ҳақида сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, содир бўлган чўкиш ҳолатларида 12 нафар одам чўмилишга бориб ҳалок бўлган.

«Бугунги кун ҳолатига 65 нафар инсон сувда чўкди. Асосий чўкканлар, булар ўз эҳтиётсизлиги оқибатида чўкканлар ҳисобланади. Тошкент шаҳри ва вилоятлар мисолида кўришимиз мумкин ариқлар, анҳорлар, каналлар устидан муҳандислик иншоотлари — қувурлар ўтказилган. [Фуқаролар] мана шу иншоотлардан кўприк сифатида фойдаланишади, аслида эса улардан кўприк сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Мана шу жойларда эҳтиётсизлик оқибатида сувга тушиб кетиш ҳамда чўкиб кетиш ҳолатлари юзага келади», — деди у.


Мутахассиснинг таъкидлашича, сувга чўкиб ҳалок бўлганларнинг 50 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади.

«Болаларнинг сувда чўкиш ҳолатлари кўпроқ ёз мавсумида учрайди. Чунки ёз мавсумида болалар асосан ота-оналарининг назоратисиз қолиб кетади», — деди вазирлик вакили.

Дам олишга борган йигитлар ҳалок бўлмоқда

ФВВ вакили маълумотига кўра, сувда чўкиш ҳолатлари кўпроқ йигитлар орасида учрамоқда. Улар асосан тоғли ҳудудлардаги совуқ сувларда чўмилишади.

«Сувнинг совуқлиги чўкиш ҳолатларини оширади. Тоғли ҳудудларда сувнинг ҳарорати айрим пайтларда +10, +15 даражагача бормайди. Инсоннинг сувда чўмилиши учун сувнинг ҳарорати +17 даражадан юқори, +30 даражадан паст бўлиши керак, — деди Самандар Ҳикматуллаев. — Тоғли жойларда қизиб турган пайтда совуқ сувга тушиш томирлар тортишиб қолишига, бу эса инсоннинг сувда ҳаракатлана олмай, чўкиб кетишига олиб келади».

У, шунингдек, эркак кишиларнинг спиртли ичимлик ичган ҳолатида чўмилиши уларнинг чўкиб кетишига яна бир омил эканини таъкидлади.

Суҳбатдошнинг айтишича, сувга чўкиш фақат ёз мавсумида кузатиладиган ҳолат эмас. Хаттоки, оддий балиқ овига борганда ҳам ўз эҳтиётсизлиги оқибатида вафот этганлар бор.

Жорий йилда 26 нафар инсон эҳтиётсизлиги оқибатида вафот этгани маълум қилинди.

«Бир воқеани айтиб ўтаман. Тошкент шаҳрига ишлашга келган йигит анҳорнинг бўйига бориб, қўлини ювмоқчи бўлган. У сувга энгашган пайтида мувозанатини йўқотиб, анҳорга тушиб кетиб, ҳалок бўлган. Бунга унинг яқинлари гувоҳ бўлишган», — деди у.

Тиниқ бўлмаган сув хавфли


ФВВ вакилининг фикрича, чўмилиш тақиқланган жойларда сувнинг ранги тиниқ эмаслиги, унинг остида ҳар ҳил жисмлар борлиги, қирғоқларнинг ўзида чуқурлик 2 метрдан ошиши, бундай жойларда чўкаётган инсонга ёрдам бериш қийин.

«Мана бу сувимизга назар солсак, унда лойқа оқиб келади, бу қирғоқ сирпанчиқ дегани. Бундай жойда инсонлар сувдан чиқа олмай қолишади. Бундан ташқари, қирғоқнинг бўйида чуқурлик 2 метрни, марказий қисмида эса 6−8 метрни ташкил этади. Бу жойда чўмилиш мумкин эмас. Чунки сув тиниқ эмас, биз сувнинг остида нима борлигини кўрмаймиз. Шунингдек, сувнинг остида ҳам оқим мавжуд, сувнинг устидан ва остидан нарсалар оқиб ўтади», — деди у.

Унинг таъкидлашича, ғаввослар гоҳида сув остидан темир жисмли нарсалардан жароҳатланган мурдаларни ҳам олиб чиқишади.

«Шундай вазиятлар юз берадики, қутқарувчи ғаввосларимиз сув остидан бош қисмидан олинган жароҳат, қорин қисмидан олинган жароҳат, ҳаттоки, темир жисмлар санчилиб қолган ҳолатда чўкиб кетганларни олиб чиқади», — деди у.

Одамлар чўкаётган жойларга «чўмилиш тақиқланади» белгилари ўрнатилган


«Чўкиш содир бўлган жойларда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш функциясига эга бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан сув ҳавзалари ўрганилади. Бундай сув ҳавзаларида „чўмилиш тақиқланади“ белгилари ўрнатиб чиқилган. Мана шу белгилар бор жойлар қўриқланмайдиган ҳудудлардир, уларда чўмилманг», — деди ФВВ матбуот хизмати раҳбари ўринбосари.

Сувга чўкиб кетиш ҳалокатида энг аянчлиси — бу бир-бирини қутқармоқчи бўлган қариндошлардир. ФВВ расмийси ана шундай бахтсиз ҳодисалардан бири ҳақида сўзлаб берди.

«Бу воқеа ўтган йили юз берган. Бир оиладан 3 инсон сувга чўкиб кетди, уларнинг барчаси вояга етмаганлар. Ака, ука ва синглиси билан сайр қилиб юрган пайтида сингил сувга тушиб кетади. Уни олиб чиқаман деб иккала акаси ҳам ўзларини сувга отган ва бир оиладан 3 нафар бола сувга чўкиб кетди. Бу фожиа, албатта», — деди Самандар Ҳикматуллаев.

У шунингдек, баъзан ота-оналар айлантириб келиш учун ёш болаларни қарияларга ишониб топширишларини танқид қилди.

«Қарияларнинг ўзига ёрдам керак, аслида. Улар ҳар доим боланинг қўлидан ушлаб, олиб юра олишмайди. Болаларнинг қариялар қўлидан чиқиб кетиб, сувга чўкиб кетиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, бор», — деди у.

Ўзига ортиқча ишониш ҳалокатга олиб келади


«Шундай ҳолатлар бўладики, ғаввосликни биладиган, яхши спортчи, яхши сузувчи инсонлар ҳам сувга чўкиб кетади», — деди ФВВ матбуот хизмати бошлиғи ўринбосари.

Бунинг сабаби бир нечта — cувнинг ҳарорати, унинг остидаги номаълум жисмлар, ўз кучига ортиқча баҳо бериб юбориш.

«Йигитларнинг сувда чўкиб кетиш ҳолатларини ўрганганимизда, баъзан, сувда яхши суза оладиганлар сувнинг нариги қирғоғига биринчи бориш бўйича бахслашиб қолишади. Шунақа ўзаро мусобақа вақтида чарчаши ёки томирларининг тортишиб қолиши натижасида, ҳаттоки, спортчиларнинг ҳам сувда чўкиб кетиш ҳолатлари бўлган», — деди Самандар Ҳикматуллаев.

Қутқарувчиларга жуда кам вақт берилган

«Сувга чўкиб кетган инсоннинг нафас олиши ва юраги икки дақиқада тўхтайди. Икки дақиқа вақт ичида юраги ва нафас олиши тўхтаб қолган инсонни жонлантиришимиз, ўпка-юрак реанимациясини ўтказишимиз учун бизга жуда кам — 5 дақиқа вақт берилган. Шундай қисқа вақт ичида инсоннинг нафас олиш органларидан сувни чиқариб юбориб, нафас олишини тиклаб, ҳаётини сақлаб қолишимиз мумкин», — деди ФВВ вакили.

Шу боис у фуқаролардан фақатгина рухсат берилган жойларда чўмилишни сўради.


«Белгиланмаган жойларда ғаввос-қутқарувчилар, тиббиёт мутахассислари йўқ, назорат амалга оширилмаган. Қирғоқ бўйида чуқурлик 2 метр, бундай жойларда инсонларни асраб қолиш мушкул. Республикадаги дарёлар, ариқлар, анҳорларда чўмилиш тақиқланади. Бундай жойларда чўмилиш мумкин эмас. Рухсат этилган жойда эса — махсус жой тайёрланади, туби тозаланади, сувдан намуналар олинади. Бу жойда қутқарувчилар, тиббиёт мутахассислари мавжуд бўлиб, назоратни амалга оширади», — деди у.

Махсус чўмилиш учун шароит яратилган жойларга — аквапарк, бассейн ва спорт сув ҳавзалари киради. Мутахассис мана шундай жойларга бориб чўмилишни тавсия қилди.

Чўкаётган одам қутқарувчи учун хавф туғдиради

Унинг сўзларига кўра, сувга чўкаётган одамни қутқаришга ошиқадиганларнинг ўзлари ҳам чўкиб кетган ҳолатлари кузатилади.


«Ўтган йилларда Қорақалпоғистонда сувга чўкиб кетаётган одамни қутқаришга уриниб, ўзи ҳам чўкиб кетган вазият юз берди. Сувда чўкаётган инсони қутқариш жуда ҳам мураккаб жараён. Чунки чўкаётган инсон жон-жаҳди билан ҳаракат қилади ва уни қутқармоқчи бўлган одамни жуда қийин вазиятга солиб қўяди. Яъни, у қутқармоқчи бўлган одамнинг устига чиқиб кетади ёки уни шундай қучоқлаб оладики — ҳаракатланишига имкон бермай, қийинчиликлар тўғдиради», — деди у.

Унинг айтишича, қутқаришнинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари, йўл-йўруқлари бор.

Қутқариш техникаси

Самандар Ҳикматуллаев чўкаётган инсонни қутқармоқчи бўлганлар энг аввало қўйидагиларни ёдда тутишлари кераклигини таъкидлади:

  • агар бунинг имкони бўлса, чўкаётган одамга аввал бирор-бир нарсани, масалан арқон, ёки узун ёғоч ташлаш усулларидан фойдаланиш;
  • қутқармоқчи бўлган одамнинг ўзи биринчи навбатта сузишни яхши билиши лозим;
  • қутқаришга бораётган одам авваламбор чўкаётган одамни ўзидан узоқлаштиришга ҳаракат қилиши, шундан сўнг, унинг орқа томонига қисқа вақт ичида ўтиб олиши зарур;
  • чўкаётган инсоннинг қўлтиғининг орасидан қўлни киргизиб, уни орқа томондан тортиб, олиб чиқиш;
  • ёки чўкаётган одамнинг бош қисмидан, сочидан тортиб, олиб чиқиш;
  • иложи бўлса, қутқаришга бир нечта одам бўлиб ҳаракат қилиши керак.

«Мана шу услублар чўкаётган ва уни қутқармоқчи бўлган инсоннинг хавфсизлигини таъминлайди», — деди ФВВ Матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари.