Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ҳосилдорлиги ва ҳажмини камида 30 фоизга ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаб, соҳа экспортини камида 2 бараварга кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

«Бу — иқтисодиётимиз учун жуда катта имконият ва захирадир. Тўқимачилик бизга кам харажат билан олтиндан ҳам кўп даромад келтирадиган соҳа ҳисобланади. Шунинг учун биз соҳада тўлиқ кластер тизимини жорий этдик. Бугунги кунда пахта толасини ўзимизда 100 фоиз қайта ишлаш йўлга қўйилди, беш йил аввал 40 фоиз тола қайта ишланган», — деди президент.

Ўзбекистонда бугун толани қайта ишлаш қуввати 1,3 млн тоннага етган. Бироқ 1 млн тонна тола ишлаб чиқарилмоқда. «Яъни, ҳозирнинг ўзида 300 минг тонна тола етмаяпти. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж яна 600 минг тоннага ошади. Шундан 300 минг тоннаси сунъий тола бўлса, яна камида 300 минг тонна пахта толаси зарур. Нима учун Туркиянинг пахта майдони биздан 2 карра кам бўлса-да, толани деярли тенг ҳажмда ишлаб чиқаради? Бунинг асосий сабаби — ҳали илмга, замонавий технологияларга жойлардаги раҳбарларнинг эътибори ва масъулияти паст», — деди давлат раҳбари.

Пахтани қайта ишлаш

Президент пахтани қайта ишлаш борасидаги ишлар масаласига ҳам тўхталиб, Ўзбекистонда ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражаси 23 фоизни ташкил этишини айтди. Бунинг оқибатида йилига 9 млрд доллар даромад бой берилаётгани таъкидланди.

Агар мутасаддилар туман ҳокимлари ва кластерлар билан ишларни тўғри ташкил қилса, тўқимачиликдаги иш ўринларини ҳозирги 400 мингдан бемалол 1 млнга кўпайтириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

«Олимларимиз яратган 100 центнергача ҳосил берадиган пахта навлари (Бухоро, Равнақ, Порлоқ, Султон) кластерларга етказилмаяпти, деҳқон ва фермерларимиз қайси ҳосилдор уруғларни экишни ва уларни қаердан олишни билмаяпти», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ғўзани ўғитлашни ўзгартириш, гербицид ва пестицидларни ҳам тартибга солиш вақти-соати келганини айтди. Шу боис президент ҳузурида инновация вазири И.Абдурахмонов бошчилигида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Кенгаш:

  • ҳар йили ҳосилдор ва эртапишар навларни ҳудудлар кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб беради;
  • иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш схемасини ишлаб чиқади, гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга олади;
  • кейинги йилларда ҳашоратлар энг катта муаммо бўлишини инобатга олиб, уларга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудудга мос агротехнологияларни ишлаб чиқади.

Уруғчилик

Йиғилишда йил якунига қадар ҳар бир кластерда уруғчилик, тупроқ таҳлили ва биолабораториялар ҳамда уруғ тайёрлаш цехлари ишга туширилиши таъкидланди. Давлат-хусусий шериклик асосида Андижон, Бухоро ва Сурхондарёда Пахтачилик институти ва Геномика марказининг уруғчилик ва агротехнология корхоналари ташкил қилиниши айтилди.

Шунингдек, ҳар бир кластер йил якунига қадар тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиб, ер майдонлари паспортини ишлаб чиқиши ва ҳосилдорликни ошириш чораларини белгилаб олиши кераклиги таъкидланди. Президент барча кластерлар сувни илм билан тежаб ишлатиши шартлигини қайд этди.

Сўнгги икки йилда 169 минг гектар пахта майдонларида томчилаб суғориш жорий қилинди. Йил якунига қадар 160 минг гектар, келгуси йилда ҳам яна шунча пахта майдонида томчилатиб суғоришни жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Кластерлар бўйича комиссия

Пахта хом ашёси ва ип-калавани қайта ишлашни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов бошчилигида республика комиссияси тузилиши белгиланди. Комиссиянинг асосий вазифаси этиб юқорида айтиб ўтилган 9 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режасини ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар, қолаверса, кластер кесимида белгилаш ва ижросини ташкил этиш белгиланди.

«Кластерлар пахтадан ип-калавагача ишлаб чиқариш занжирини жорий этишга масъул бўлади. Агар кластернинг ўзида хоҳиш бўлса, бемалол ўзи қайта ишлашни тўлиқ циклда амалга ошириши мумкин. Бундан буён, алоҳида индустриал зоналар ташкил қилиниб, уларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун барча шароитлар яратиб берилади», — деди президент.

Ушбу комиссия элчилар ва кластерлар билан бирга бу индустриал зоналар бошқарувига чет эл компанияларини жалб қилиб, нуфузли брендларни олиб келади.

«Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганидан сўнг, хорижий бренд ва йирик компаниялар маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирмоқдалар. Лекин, очиқ айтиш керак, тўқимачилик саноатини ташқи бозорларга олиб чиқиш, брендлар ва йирик корхоналарни жалб қилишда элчихоналар ишламаяпти. Мисол учун, биздаги Туркия, Хитой, Германия каби бошқа давлатлар элчилари ўз мамлакати тадбиркорларининг манфаатини ҳимоя қилиш учун вазир, ҳоким, ҳатто корхонагача боришдан чарчамайди. Лекин, бизнинг элчиларда бундай ташаббус ҳали йўқ», — қайд этди давлат раҳбари.

Президент томонидан Испания, Германия ва Швеция, Буюк Британия, Франция, Италия, Польша, Япония, Туркия, АҚШдаги элчилар билан бирга 50 та хорижий брендларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда халқаро кўргазмаларда камида 30 та ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи маҳсулотини олиб чиқиб, 50 млн доллардан буюртма олишни таъминлаш топширилди.

Брендлар учун имтиёзлар

Ўзбекистонга кириб келувчи брендларга бўялган трикотаж мато ва газлама экспорт қилувчиларга 10 фоизгача миқдорда субсидия берилади ҳамда хорижий брендлар ва уларга тайёр маҳсулот етказиб бераётган маҳаллий корхоналарнинг буюртмаларига асосан алоҳида авиа-рейслар йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, брендлар учун зарур бўлган 90 фоизи импорт қилинаётган фурнитура ва аксессуарларни бир ой муддатда ишлаб чиқариш дастурини қабул қилинади. Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида йил якунига қадар 4 тадан фурнитура корхоналарини ишга тушириш топширилди.

Президент тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг Аксессуар ва фурнитура ишлаб чиқарувчилар уюшмасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Президент экспортчиларни қўллаб-қувватлаш механизмлари янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Жумладан, Экспорт агентлиги томонидан экспорт қилувчи корхоналарга 5 млн долларгача айланма маблағ учун ресурслар уларнинг экспорт ҳажмидан келиб чиқиб ажратилади ҳамда корхоналарнинг хорижда омборхоналарни ижарага олиш харажатларини қоплаб бериш учун чекланган майдон 100 квадрат метрдан 500 квадрат метрга оширилади.

Экспортёрлар номига очилган аккредитивларни кредит таъминоти сифатида қабул қилишга рухсат берилади. Яъни, корхона экспорт қилган кундан бошлаб ўз хизмат кўрсатувчи банкидан аккредитивнинг 80 фоизи миқдорида кредит олиши мумкин бўлади.

Кластер ва тўқимачилик корхоналарининг молиявий ҳисобот халқаро стандартларига ўтиши қўллаб-қувватланади. Бундан буён молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш харажатларининг 50 фоизгача қисми Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади.

Йиғилишда тўқимачилик корхоналарини пахта толаси ва ип-калава билан узлуксиз таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ички бозорда танқислик туфайли пахта толасининг нархи халқаро биржалардан юқори бўлиб, 1 тоннаси 37 млн сўмгача етмоқда. Оқибатда 22 мингдан зиёд ходим ишлайдиган 59 та ип-йигирув корхонасига ойига 25 минг тонна тола етишмайди.

Шу боис, комиссия назорати остида:

  • Нью-Йорк биржасида пахта толаси нархи кескин ошса, тола маҳаллий биржага 10 фоиз чегирма билан қўйилади;
  • кластерлар ўз эҳтиёжидан ортиқ толани ойма-ой мажбурий биржага чиқаради;
  • барча ип-калава корхоналари ишлаб чиқарган маҳсулотнинг камида 30 фоизини биржа орқали сотади;
  • биржада сотиб олинган ип-калава учун тўловни банк кафолати орқали 3 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш механизми жорий этилади;
  • қайта ишлаш қувватларига эга бўлмаган кластерларга имтиёзли кредит 14 ойга берилади (ҳозир — 24 ой).

Солиқ ва божхона енгилликлари

Ҳудудлар ва саноат тармоқларининг экспорт салоҳиятини ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими янада соддалаштирилади. Хусусан:

  • тўқимачилик саноатида хом ашёни божхона ҳудудида қайта ишлашни божхона тўловлари бўйича таъминотсиз амалга оширишга рухсат берилади;
  • олиб келинган хом ашёдан божхона ҳудудида қайта ишлаб чиқарилган товарни «экспорт» режимида олиб чиқиш мумкин бўлади.

Шунингдек, тўқимачилик саноати учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган совутиш ускунаси, йигирув «бочок"лари каби товарлар учун уч йил муддатга божхона имтиёзлари тақдим этилади. Шу билан бирга, экспорт контрактлари бўйича келиб тушмаган маблағлар 5 фоиздан ошмаса, улар муддати ўтган қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди.