Душанба куни Ўзбекистонда 91 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 2020 йилнинг март ойидан буён уларнинг умумий сони 240 569 нафарга етди, деб хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Жума куни 119 киши, шанба куни 139 киши ва якшанба куни 133 кишида ковид аниқланганди.

Касалланганларнинг 26 нафари Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Самарқанд вилоятида эса 12 киши касаллик юқтиргани маълум бўлди. Фарғонада — 11 киши, қолган ҳудудларда аниқланган беморлар сони 10 нафардан ортмайди.

Касалликдан соғайганларнинг жами сони 237 941 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда.

Аввалроқ, яқинда Ўзбекистонда омикрон штаммининг янги (тез юқувчи) — Stealth-Omicron BA.2 субварианти аниқлангани ҳақида ёзгандик.