Умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ва фуқаро ўртасида юзага келган низоларни инсон фойдасига ҳал қилишни қайд этиш таклифи билдирилди.

Янги таҳрирга кўра, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарамақаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

Амалдаги КонституцияЯнги таҳрирдаги Конституция

II боб. Халқ ҳокимиятчилиги


II боб. Халқ ҳокимиятчилиги
13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилайди.

Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.

Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарамақаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

14-модда.

Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.
14-модда.

Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланишини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Мазкур таклиф meningkonstitutsiyam.uz сайти фойдаланувчиси Шохруз Хайитов томонидан билдирилган бўлиб, уни 1100 дан ортиқ фойдаланувчи қўллаб-қувватлаган.

Шунга ўхшаш қоида Жиноят процессуал кодексининг 23-моддаси 3-қисмида (Айбсизлик презумпцияси) ҳам қайд этилган: «Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак».

Қолаверса, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида шундай дейилган: «Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонунчиликдаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади».

Бундан ташқари, шу каби нормаларни Божхона кодексининг 4-моддаси, Солиқ кодекси 13-моддаси, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси ҳамда «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси доирасида яна 6 кун мобайнида фикр билдириш мумкин.