Ижтимоий тармоқларда Фарғонада бир йигит кўчада ўзига таниш бўлган қизни калтаклагани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилиб, йигитнинг шахси аниқланди. Бу ҳақда Фарғона ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, 25 июнь куни Данғара туманида яшовчи, ўзаро таниш бўлган фуқаролар А.Д, ва Н.Т. (аёл) ўртасида рашк туфайли келишмовчилик юзага келган. Оқибатда Навбаҳор МФЙ ҳудудида А.Д ўз таниши Н.Т ни қўл ва оёқлари билан уриб-тепиб, воқеа жойидан кетиб қолган.

«Ҳозирда мазкур холат юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, Данғара туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Текширув якунига кўра қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни Сурхондарёда тўйда куёв келинни ургани акс этган видеолар тарқалди. Шундан сўнг, куёвга майда безорилик бўйича маъмурий иш қўзғатилди. Суд келиннинг даъво ва аризаси йўқлиги сабабли куёвга маъмурий жазо қўлламади. Бундан ташкари, Узун тумани ИИБ воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бориб, келин-куёв ҳамда уларнинг ота-оналари билан «профилактик суҳбати» ўтказгани хабар қилинди.

Шунингдек, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сенатда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан Ишчи гуруҳ тузилди.