Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 1 тонна 933 кг. 695 гр. гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди, дея хабар берди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Махсус печда — 133 кг. 713,5 гр. героин, 159 кг. 478 гр. опий, 1 тоннадан ошиқ гашиш, 300 кг. 786 гр. марихуана, 79 кг. 842,5 гр. кўкнор, 247 кг. 150,4 гр. каннабис ҳамда турли хилдаги психтроп ва психофаол моддалар ёқиб юборилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда 2021 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 7142 та жиноят фош этилган. 2020 йилда бу кўрсаткич 6032 тани ташкил қилган.

2021 йилда республикада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишида 1 тонна 864,4 кг. миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинган. Ўтган йили гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширган шахсларнинг 131 нафари чет эл фуқаролари бўлганлиги айтилди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 186 та ҳолатда 558,4 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.

Йўқ қилинган наркотик моддаларнинг 530 кг дан ортиғи божхоначилар томонидан тезкор тадбирларда ушлаб қолинган.