Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги 39-сон ихтисослашган логопед боғчада ногирон бола боғча опа томонидан мунтазам калтакланиб келингани тўғрисида видеолар тарқалди. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси вазият бўйича раддия берди.

«Ҳолат давлат мактабгача таълим ташкилотида эмас дифектолог мутахассиснинг яшаш уйида содир бўлган», дейилади хабарда.

Аниқланишича, хабарда айтилган 39-сонли махсус мактабгача таълим ташкилоти шаҳарнинг Ўрда 1-тор кўчасида эмас, балки Муқимий шаҳарчасида жойлашган.

«Хабарда фотолари тарқатилаётган бола 2019 йилда туғилган А.А.(қиз бола), ўз уйи — Қўқон шаҳар Ўрда 1-тор кўчасидаги 6-„А“ уйда дифектологиялик касби билан шуғулланиб келаётган дифектолог А.А.нинг олдига тилидаги нуқсони сабаб махсус курсга қатнаётган бўлган. Ҳолат айнан ушбу дифектологнинг яшаш хонадонида содир бўлган», дейилади вилоят МТБ хабарида.

Ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳам расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, 17 июнь куни вилоят ИИБ «102» қисқа рақамига Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Э.М (аёл) мурожаат қилиб, шаҳарнинг Ўрдатаги кўчасида жойлашган болалар боғчасида тарбиячи унинг фарзандини уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида мазкур ҳолат дефектологнинг яшаш уйида содир бўлгани маълум бўлган.

«Кўрсатилган манзилдаги хонадонда А.Ғ (аёл) касби дефектолог бўлган опаси Д.А га ёрдамчи сифатида қарашиб туришишини, жорий йилнинг 17 июнь куни болалардан бири, вояга етмаган А.А (суратдаги бола) кўп йиғлаб юборганлиги сабабли асабийлашиб, уни юзига қўли билан уриб юборганлигини билдирган», дейилади хабарда.

Маълумотда айтилишича, ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосасида вояга етмаган А.А га кўп давом этмайдиган енгил тан жароҳати етказилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.Ғ га нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 25 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган.