Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 23−26 июнь кунлари Паттайя (Таиланд) шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 17 та медални қўлга киритди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, мусобақада ўзбекистонлик гимнастикачилар 10 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Тахмина Икромова ҳалқа, тўп ва таёқ билан машқ бажариш ҳамда кўпкурашда олтин, шунингдек, лента билан машқ бажаришда кумуш медални қўлга киритди, деб ёзди Ўзбекистон гимнастика федерацияси матбуот хизмати.

Сабина Тошкенбоева тўп билан чиқиш бўйича мусобақада кумуш медал билан тақдирланди.

Гуруҳ машқларида ўзбекистонлик гимнастикачилар учта лента ва иккита тўп билан дастур бўйича энг юқори натижани кўрсатди.

Ўзбекистон терма жамоасининг ёшлар гуруҳида яна икки вакил ғалаба қозонишди: таёқ билан чиққан Эвелине Аталянц ва лента билан чиққан Вилана Савадян биринчи ўринни эгаллашди.

Бешта тўп билан ўтказилган гуруҳ машқларида ўзбекистонлик гимнастикачилар иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринни Қозоғистон, учинчи ўринни Япония терма жамоаси эгаллади.

Расмлар



Фото: МОҚ матбуот хизмати