Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида бўлиб ўтаётган таэквондо бўйича XXV Осиё чемпионатининг иккинчи ва учинчи кунги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига яна иккита олтин ва иккита бронза медаллари қўшилди. Бу ҳақда Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси хабар берди.

Мусобақада -74 кг вазн тоифасида қатнашган ўзбекистонлик Жасур Жайсунов илк босқичда покистонлик Иқбол Муҳаммадни, чорак финалда Чен Жун Веинини, ярим финалда эса покистонлик Аҳмад Бахлулни бир хил — 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, финалга чиқди. У асосий баҳсда эронлик Мирхашем Ҳуссайнини енгди ва Осиё чемпиони бўлди.

Шу кунги баҳсларда қизлар ўртасида -62 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик Феруза Садикова ярим финалгача етиб борди ва Осиё чемпионати бронза медали соҳибасига айланди. Садикова бу босқичда эронлик Настаран Вализодага қарши беллашувда имкониятни бой берди. Эронлик таэквондочи финалда мезбонлар вакили Нам Мин Сеога мағлуб бўлди ва кумуш медалига сазовор бўлди.

Осиё чемпионатининг бугунги баҳсларида яна икки нафар ўзбекистонлик таэквондочи медалларга эга бўлди.

Никита Рафалович, Павел Хан (мураббий), Светлана Осипова. Фото: UTA

Мусобақада -87 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Никита Рафалович барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. У финалда иорданиялик рақиби Фаҳед Сбейҳидан устун келди. Шунингдек, қизлар ўртасида +73 кг вазн тоифасида иштирок этган Светлана Осипова бронза медалини қўлга киритди. Бу вазн тоифасида Акрам Ходабанде финалда хитойлик рақибаси Чжоу Зэкини мағлуб этиб, олтин медалига сазовор бўлди.

Ушбу натижалардан сўнг таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медали билан умумжамоа ҳисобида (Хитой билан) учинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўриндаги Жанубий Кореяда тўртта ва иккинчи ўриндаги Эронда учта олтин ва бешта кумуш медали бор. Мусобақа эртага якунланади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг дастлабки кунида Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов олтин, Чарос Қаюмова кумуш медални қўлга киритган эди.