Бизнес-омбудсман девони ходимлари Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бош бошқармалари ходимларининг 1326 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ талабларни бузганини аниқлади. Бу ҳақда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил хабар бермоқда.

Бунда 90 нафар ходим 1091 та ҳолатда турли давлат хизматларини кўрсатишда белгиланган муддатларни кечиктирган, ортиқча ҳужжатлар талаб қилган ва мурожаатни асоссиз рад этган.

Шунингдек, тадбиркорларнинг рухсат бериш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда Фарғона вилоятида 8 та, Тошкент шаҳрида 3 та ҳолатда лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган.

Бундан ташқари, қурилишда лицензия бериш масаласини кўриб чиқиш муддати 7 иш куни бўлсада, вазирлик марказий аппарати ходимлари 7 та ҳолатда бунга амал қилмаган. Яна 197 та ҳолатда қонунчиликка зид равишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ўтказиб юборилган.

Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 20 та ҳолатда ўтказилган ўрганишлар Бизнес-омбудсманни хабардор қилмасдан амалга оширилган.

Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги учун вазирлик ва унинг ҳудудий бош бошқармаларининг 143 нафар ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилгани маълум қилинди.