2023 йилдан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади. Бу ҳақда 21 июнь куни президент [ ПҚ-29-сонли] қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

2024/2025 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида университетнинг педагогика таълим йўналишларига қабул жараёнлари икки босқичда — дастлабки имтиҳон ва кириш тест синовлари орқали амалга оширилади.

Бунда:️

  • дастлабки имтиҳон ва кириш тест синовлари ДТМ томонидан ўтказилади;
  • дастлабки имтиҳон доирасида абитуриентларнинг педагогик касбга мойиллиги ўрганилади;
  • кириш тест синовларида қатнашишга фақат дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга рухсат этилади.

2024 йил 1 январга қадар университет фаолиятида «Олий таълим жараёнларини бошқариш» ахборот тизимини тўлиқ жорий этилади. Шунингдек, ОТМнинг илмий журнали Scopus, Web of Science ёки бошқа халқаро маълумотлар базаларига киритилади.

Қолаверса, 2023 йил 1 мартгача умумий ўрта таълим муассасаларидаги илғор ўқитувчиларнинг очиқ дарсларини онлайн платформалар орқали намойиш қилиш ва уларнинг муҳокамасини ташкил этиш амалиёти жорий қилинади, дейилади хабарда.

Аввалроқ, президент қарори билан Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида педагогика йўналиши бўйича 8 та институт ва 2 та университет ташкил этилиши хабар қилинганди. Бундан ташқари, педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг 2−4-босқич талабалари учун «4+2» шаклидаги таълим жараёни йўлга қўйилади.