Ўзбекистон президенти 23 июнь куни имзолаган [780-сонли] қонун билан Жиноят кодексининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди. Мазкур қонун июнь бошида Сенат томонидан маъқулланганди.

Эндиликда инсонни ундан аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация учун олишга розилик беришга мажбурлаганлик учун жавобгарлик белгиланди ва бу қилмиш оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, инсон аъзоларининг ёки тўқималарининг олди-сотдиси билан шуғулланганлик, уларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди. Мазкур жиноятлар билан боғлиқ дастлабки тергов ички ишлар органлари томонидан олиб борилади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 11 май куни «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги [ЎРҚ-768-сон] қонун қабул қилинди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2 ноябрда, Сенат томонидан эса 28 апрелда маъқулланган.

Унга кўра, инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантацияси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади, ушбу муассасаларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Маълумот учун, инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини реципиентларга трансплантация қилиш инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида амалга оширилади. Трансплантация реципиентнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.