Президент 24 июнь куни «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда президент Администрациясига яқин бўлган Нигоҳ Telegram-канали хабар берди.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда педагогика йўналишида 10 та ОТМ ташкил этилиши белгиланмоқда.

Улар қуйидагилардан иборат:

  • Урганч давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Урганч давлат педагогика институти;
  • Наманган давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Наманган давлат педагогика институти;
  • Гулистон давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Гулистон давлат педагогика институти;
  • Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти негизида Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти;
  • Андижон давлат университетининг Педагогика институти негизида Андижон давлат педагогика институти;
  • Бухоро давлат университетининг Педагогика институти негизида Бухоро давлат педагогика институти;
  • Термиз давлат университетининг Педагогика институти негизида Термиз давлат педагогика институти;
  • Қарши давлат университетининг Педагогика институти негизида Шаҳрисабз давлат педагогика институти;
  • Чирчиқ давлат педагогика институти негизида Чирчиқ давлат педагогика университети;
  • Жиззах давлат педагогика институти негизида Жиззах давлат педагогика университети ташкил этилади.

Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

  • педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2−4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида, шу жумладан дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилиши таъминланади;
  • ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчиларини ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан хорижий давлатларга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юбориш чоралари кўрилади.

Белгиланишича, 2023/2024 ўқув йили қабулидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМларининг 14 та таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди.

Улар:

  • Математика ва информатика;
  • Физика ва астрономия;
  • Кимё;
  • Биология;
  • География ва иқтисодий билим асослари;
  • Ўзбек тили ва адабиёти;
  • Она тили ва адабиёти (тиллар бўйича);
  • Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили;
  • Ўзга тилли гуруҳларда рус тили;
  • Хорижий тил ва адабиёти (тиллар бўйича);
  • Чақириққача ҳарбий таълим;
  • Мактаб менежменти;
  • Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (тиллар бўйича);
  • Махсус педагогика (фаолият турлари бўйича).

Шунингдек, ушбу таълим йўналишларига сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга таълим тизимида педагогик фаолиятга оид камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар қабул қилинади.