Ўзбекистонда 25 июндан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Туркманистондан жуда иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши бошланади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.

Шанба куни ҳаво ҳарорати кечаси +21…+24 даража, кундузи +36…+39 даража атрофида, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+44 даражагача бўлади.

Якшанба куни ҳарорат фони кечаси +23…+26 гача, кундузи +38…+42 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда ҳатто +43…+45 даражагача кўтарилади.

Айрим тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин, дейилади хабарда.

Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари давомида энг иссиқ июнь ойида ҳаво ҳарорати +44…+46 даражагача, Қизилқум чўлида +47 даражагача, республиканинг энг жанубида +48…+49 даражагача кўтарилган.

Вилоятлар кесимида:

  • 25−28 июнда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида +42…+44 даражагача;
  • 25−29 июнда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида +43…+45 даражагача;
  • 26−29 июнда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида +40…+42 даражагача кўтарилади.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши эҳтимоли бор.

Қолаверса, Ўзбекистонда 25 июндан 3 августгача бўлган қирқ кунлик иссик кунлар бошланади. Халқ анъаналарига кўра, «чилла» ёки «саратон» деб номланувчи бу кунлар форс тилида «қирқ кун» деган маънони англатади.

Ёзда қизиган чўллар устида юқори ҳароратли ва намлиги кам бўлган тропик ҳаво массалари шаклланади, бу ёзнинг ўрталарида булутли, қуруқ ва иссиқ об-ҳавони белгилайди.

Одатда, ҳароратнинг энг юқори қийматлари аслида «чилла» даврига тўғри келади. Шунингдек, бу йил ҳам «чилла» нинг бошланиши жорий йилнинг биринчи иссиқ тўлқинларига тўғри келди.

Ўзгидромет тафсияларига кўра, «чилла» вақтида қуёшда узоқ вақт, айниқса куннинг ўртасида қолмаслик керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, танани ва бошни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилиш керак.

Кўп суюқлик ичиш музлатгичдан музли ичимликлар эмас, балки илиқ сув ёки энг яхшиси кўк чой ичиш тафсия қилинади.

Шу билан бирга кўпроқ мева, сабзавотларни истеъмол қилиш керак. Жуда аччиқ ва ёғли овқатларни итеъмол қилмасликка ҳаракат қилинг. Совутиш мосламалари билан жиҳозланмаган дўконлардан маҳсулотларни харид қилманг.

Қолаверса, кондиционерли хонада бўлганда, тўғридан-тўғри совуқ ҳаво оқими тагида ўтирмаслик ва кондиционерни 18 даражадан паст бўлмаган ҳароратга «дастурлаш» тафсия қилинади.