23 июнь куни соат 15:00 ларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида жойлашган автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциясида ВАЗ-2106 русумли автомобилга ёқилғи тўлдириш жараёнида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.

Портлаш оқибатида автомобиль ва шохобчанинг газ тақсимлаш айвонидаги девор тўсиқ зарарланган.

Тан жароҳати олганлар йўқ ва бошқа транспорт воситаларига зарар етмаган. Шунингдек, воқеа натижасида ёнғин келиб чиқмаган, дейилади хабарда.


Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, портлаш машинадаги носозлик сабаб юзага келган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ, ФВБ ва прокуратураси томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.