Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев тўрт давлатларнинг хавфсизлик кучлари синтетик гиёҳванд моддаларни сотиш бўйича йирик халқаро наркотик канали фаолиятига чек қўйганини маълум қилди. Бу ҳақда Россия ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Унинг таъкидлашича, махсус операция Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Россия почтаси» хавфсизлик бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган.

«Натижада Россия ҳудудида, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида синтетик гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишни кенг миқёсда ташкил етган трансмиллий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Саккизта яширин гиёҳвандлик лабораторияси йўқ қилинди. 600 литр „прекурсор“ ва 30 килограмм атрофида наркотик моддалар мусодара қилинди, бу тахминан 150 минг дозани ташкил этади», — деди Владимир Колокольцев.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳажмдаги наркотик нархи қора бозорда 280 млн рублдан (тахминан 5,2 млн доллардан) ошади. Таъкидланишича, гиёҳвандлик гуруҳи ташкилотчи ва аъзолари қўлга олинди.

Дастлабки маълумотга кўра, Омск вилоятида яшовчи фуқаро ўз уйида дори лабораториясини жиҳозлаган. У «Альфа-PVP» синтетик наркотикни ўз ичига олган эритма тайёрлаб, кейин эса маиший кимё, машина мойи ва бошқалар ниқоби остида «товар»ни почта орқали юбориб келган. Посилкаларни қабул қилувчилар вақтинчалик лабораторияларда дори воситаларини яширин пакетчалар орқали сотиш учун тайёрлаган.

«Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишини тўхтатиш бўйича қўшма махсус операция олти ой давом этди. Мувофиқлаштирилган ҳаракатлар натижасида Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда яширин лабораториялари тугатилди. Улар ойига 200 килограммгача наркотик ишлаб чиқарган», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, Россия ва хорижий давлатлар ҳудудида 20 дан ортиқ наркобизнес иштирокчилари қўлга олинган. Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 228.1-моддаси 5-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Ҳозирда гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлашга қаратилган теркор тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.