Андижон вилояти Избоскан туманида ноқонуний тарзда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришга уринган шахс ушланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Избоскан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.

«А.М.З.» МЧЖнинг Избоскан филиали ўқитувчиси О.А. фуқаро П.га бошқа авто мактабдаги танишлари орқали ўқув машғулотларида қатнашмасдан, ўқувчилар рўйхатига киритиб қўйиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришига ишонтиган. Бунинг эвазига эса 5,8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.