Тошкент вилоятида эр-хотин юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқарони Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига тайинлаб беришни ваъда қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

ИИББга аёл кишидан келиб тушган ариза асосида ДХХ, ИИВ Жиноят-қидирув бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Қибрай туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Таъкидланишича, ўзаро шаърий никоҳда бўлган Феруза Мухидова ва Аброржон Дадабоев аризачи аёлга диплом ҳамда аттестат тайёрлаб беришларини айтган. Эркак ўзининг мансабдор танишлари орқали дастлаб Тошкент вилояти хотин-қизлар қўмитаси раислигига, бир муддатдан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинлашда ёрдамлашишига ишонтирган. Улар бунинг эвазига аёлдан 200 минг АҚШ доллари сўраган.

13 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда 1982 йилда туғилган Феруза Мухидова пойтахтдаги Новза метро бекати қаршисида жойлашган савдо мажмуасида ариза берган одамдан $130 минг олаётганда далиллар билан ушланган.

Гумондорларга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан шунингдек, 28,211-модданинг 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, иш ҳужжатлари ЖИБ Қибрай туман судида кўриб чиқилган.

Суд ажримига кўра, Аброржон Дадабоевга 25, 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлашдан маҳрум қилинди. Шунингдек, БҲМнинг 200 бараварида (54 млн сўм) жарима ва 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Феруза Мухидова эса 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Қолаверса, у БҲМнинг 100 бараваригача (27 млн сўм) жарима ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати берилди.