Ўзбекистонда стартапларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Plug and Play маркази очилади. Бу ҳақда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

АКТ вазирлиги раҳбари айни кунларда ишчи ташриф билан АҚШда бўлиб турибди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари АҚШ Давлат департаменти, Жаҳон банки, USAID, VISA компанияларида учрашувлар ўтказди.

«Plug and Play стартапларни саралаб, уларни ўсишига ёрдам беради, катта корпорациялар билан боғлайди ҳамда венчур капитал сармояларини жалб этишга кўмаклашади. Бу каби уникал экотизимни бизда ҳам ташкил этилиши ёшларимизнинг янги стартаплари орасидан UNICORN даражасигача чиққан лойиҳалар бўлиши учун қўшимча имконият бўлади деб умид қиламиз», — деб ёзди вазир.

2017 йилнинг сентябрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги делегацияси Кремний водийсида (АҚШ, Колифорния) бўлиб, жаҳон миқёсида муваффақиятли ғояларни амалга оширувчи бизнес-инкубатори — Plug and Play Tech Center технологик компанияси бош офиси фаолияти билан танишганди.

Plug and play — стартаплар, корпорациялар, университет ва давлат идораларини бирлаштирувчи етакчи инновацион платформа бўлиб, компания беш қитъада 40 дан ортиқ манзилларда фаолият юритади.

Қўшимча қилинишича, Plug and play ўз венчур фондига эга ва бунинг натижасида Dropbox, Guardant Health, Honey, Lending Club, N26, PayPal ва Rappi каби юзлаб муваффақиятли компанияларга сармоя киритишга муваффақ бўлган.

Ўтган ой Plug and play платформаси вакиллари 2022 йил охиригача Тошкентда ўз ваколатхонасини очиши ҳақида АКТ вазирлиги маълум қилган эди.