«Кварц» AЖ устав капиталидаги 89,78 фоиз акциялар пакети сотувга қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги UzAssets инвестиция компанияси хабар берди.

Делойт халқаро компанияси ушбу битим бўйича «UzAssets» компаниясининг консультанти вазифасини бажаради.

«Кварц» Ўзбекистондаги энг йирик силлиқланган шиша листлари ва шиша идишлар ишлаб чиқарувчиси бўлиб, ички бозорда шиша қадоқлари ва листлари ишлаб чиқаришнинг қарийб 50 фоизи ҳамда шиша банкалар ишлаб чиқаришнинг 95 фоизи улушига эга.

Жамият даромади 2021 йилда 423 млрд сўмни ташкил этган, бу 2020 йилга нисбатан 37 фоизга ўсган.

Савдо жараёнлари барча манфаатдор томонларнинг аризаларини қабул қилиш орқали, рақобатга асосланган жараён сифатида ташкил этилади. Иштирокчилар инглиз, рус ёки ўзбек тилларида тайёрланган хат кўринишидаги аризаларни, 2022 йил 29 июль Тошкент вақти билан соат 18:00 дан кечиктирмай компания электрон манзилларига юбориши керак.