Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг янгиланган рейтингида олти поғонага юқорилаб, 83-ўриндан 77-ўринга кўтарилди.

31 мартдаги сўнгги янгиланишдан буён терма жамоа Осиё кубоги саралаш турнирида Шри-Ланка (3:0), Мальдив ороллари (4:0) ва Таиланд (2:0) термаларига қарши учта ўйин ўтказди. Рейтингда бош мураббий Сречко Катанец шогирдлари Исроил ва Хитой терма жамоалари ўртасида жойлашган.

Осиё футбол конфедерасияси терма жамоалари орасида Эрон (23-ўрин) энг яхши ўринни қайд этган бўлса, Япония (24), Жанубий Корея (28), Австралия (39), Қатар (49) ва Саудия Арабистони (53) кейинги ўринларда бормоқда. Эрон ва Япония терма жамоаларининг умумий рейтингдаги натижалари пастлаган бўлса, юқорида санаб ўтилган терма жамоаларнинг кўрсаткичлари яхшиланган.

Кучли учликда ҳам ўзгаришлар бўлди. Бразилия терма жамоаси етакчилик мавқеини сақлаб қолди, Бельгия эса ҳамон иккинчи ўринда бормоқда. Аргентина терма жамоаси охирги пайтларда кўрсатаётган ўйинлари ва мағлубиятсиз серия, Finalissima — 2022 даги ғалаба эвазига рейтингда учинчи ўринга кўтарилди. Франция бир поғона пастлади.

ФИФА талқини бўйича энг кучли 10 та жамоанинг рейтинги:

  • Бразилия — 1837;
  • Бельгия — 1821;
  • Аргентина — 1770;
  • Франция — 1764;
  • Англия — 1737 йил;
  • Испания — 1716;
  • Италия — 1713;
  • Нидерландия — 1679;
  • Португалия — 1678;
  • Дания — 1665 йил.

ФИФАнинг умумий рейтинг натижалари.