Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг иш фаолиятини рақамлаштириш мақсадида hrm.argos.uz платформаси ишлаб чиқилди. Мазкур платформа орқали кадрлар билан ишлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Сешанба куни матбуот анжуманида агентлик мазкур платформа тақдимотини ўтказди.

Платформанинг асосий модуллари бешта:

  • «Ташкилий-штат тузилмаси» — штат лавозимлари, штат жадвали, ходимларнинг тақсимланиши, ташкилий тузилмалар;
  • «Ходимлар ҳисоби» — ходимлар рўйхати, хизмат сафарлари, касаллик варақалари, таътиллар;
  • «Ҳужжатлар» — буйруқлар, лавозим йўриқномалари, аризалар шакллари, Низомлар, янги ходимлар учун ҳужжатлар, маълумотномалар (справкалар), объективкалар ва Т2-шакл ва ҳ.к.
  • «Иш вақти ҳисоби» — иш вақтини режалаштириш, давомат, иш вақти ҳисоби табели;
  • «Ходимларни режалаштириш» — вакансиялар, кадрлар захираси, мукофотлар, малака ошириш, жазолар.

Шунингдек, платформада қуйидаги тизимлар мавжуд:

  • «Ҳисоботлар» қуйи тизими;
  • «Маълумотларни сақлаш» қуйи тизими;
  • «Маъмурлаш» қуйи тизими;
  • «Фойдаланувчиларнинг ягона реестри» (MC-KADR.ID) қуйи тизими;
  • «Маълумотномалар» (MC-KADR.REGISTRY) қуйи тизими.

Шу билан бирга, доимий равишда кадрлар бўлинмалари раҳбарларининг малакасини оширишга қаратилган махсус курслар ташкил этилади. Махсус курслар якунида давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва таҳдидларнинг олдини олиш, очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Бу эса давлат фуқаролик хизматининг ўсиш нуқталарини белгилаш, соҳани янада ривожлантириш ҳамда сифат кўрсаткичларининг ошишига хизмат қилмоқда.

Эндиликда Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий аппарат комплексига киритилаётган маълумотлар тўлиқлигини таъминлаш, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали амалга оширишга қатъий риоя этиш талаб этилади.

Шунингдек, кадрларни бошқариш, баҳолаш, масофавий ўқитиш ва ривожлантириш жараёнларини давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими таркибидаги платформалари янада такомиллаштирилади.