Самарқандда фуқарони туғуруқхонага ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўймоқчи бўлган директор ўринбосари ушланди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.

Самарқанд шаҳрида яшовчи, РШТТЁИМ Самарқанд филиалининг ўриндошлик асосида янги технологиялар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишловчи Т.М. фуқаро Х.ни танишлари ёрдамида Самарқанд шаҳридаги 4-сонли туғуруқхонага ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйишни ваъда қилганлиги айтилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўтказган тезкор тадбири натижасида директор ўринбосари Т.М. фуқаро Х.дан 1 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.