Афғонистон Ислом Амирлиги матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўзининг Twitter`даги саҳифасида миллий ва халқаро ташкилотлар кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш ва жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун гуманитар ёрдам юбора бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий Бахтар ахборот агентлиги хабар берди.

Ҳукумат вакили Покистоннинг 8 та юк машинасига ортилган ёрдам юклари талофат кўрган ҳудудларга етказилгани, қолаверса, Эрондан ва Қатардан Кобулга биринчи тиббий ёрдам воситалари ортилган 2 та юк самолёти етиб келганини таъкидлаган. Юклар тез орада жабрланувчиларга етказилади.

Турк Қизил ярим ой жамияти ҳам Хост ва Пактика вилоятларида содир бўлган фожиали зилзила жабрдийдаларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни бошлашини қайд этди.

Чоршанба куни Хост, Пактика ва мамлакатнинг бошқа жанубий вилоятларида 6,1 магнитудали кучли зилзила содир бўлди, натижада 1000 дан ортиқ киши яраланди, кўплаб уйлар вайрон бўлди, шунингдек, воқеага ҳамдардлик билдирган қатор давлатлар зудлик билан қурбонларнинг оилаларига гуманитар ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Шу қатори Ўзбекистон ТИВ ҳам Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

BBC нашрининг ёзишича, Толибон расмийлари халқаро ёрдамни кўпайтиришга чақирмоқда, алоқа тармоқлари ҳам жиддий зарар кўргани айтилмоқда.

Пактика марказидаги касалхонада бўлган бир аёл журналистларга оиласининг 19 нафар аъзосини йўқотганини маълум қилди.

«Оиламдаги бир хонада етти киши, бошқа хонада бешта, бошқа хонада тўртта, кейин бошқа хонада учта одамнинг ҳаммаси вафот этди», — деди у.

Зилзила содир бўлган ҳудудлардан бири бўлмиш Пактика вилоятида сув тошқинлари ҳам кузатилди. Давлатнинг Табиий офатларга қарши кураш вазирлиги мамлакатнинг 8 та вилояти, Пактика, Кунар, Лағмон, Бадахшон, Бағлон, Тахор, Қундуз ва Фарёбда сешанба куни содир бўлган сув тошқинлари натижасида 11 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. 50 киши яраланган, 500 дан ортиқ уй ва 3500 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари вайрон бўлган.

Маҳаллий расмийларга кўра, сув тошқинлари оқибатида 20 км йўл ёпилган ва 1000 чорва ҳам нобуд бўлган.

Нашрнинг ёзишича, Қўшма Штатлар, Хитой, Германия ва минтақа ва дунёнинг бошқа баъзи давлатлари Афғонистондаги зилзила қурбонларига гуманитар ёрдам кўрсатиш жараёнини тез орада бошлашга ваъда беришган.

Шу билан бирга, Афғонистон Ислом Амирлиги чоршанба куни ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишда Хост ва Пактика вилоятларида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 100 миллион афғоний ажратди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати ҳам табиий офат оқибатларини тезроқ бартараф этишда Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирганди.