Инновациялар ривожлангани сайин технологиялар ҳам янги даражага кўтарилмоқда. Бунга, албатта, дунёда содир бўлаётган глобал ва маҳаллий миқёсдаги ҳодисалар, рақобат ва бошқа омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Пандемиядан кейин ҳам ҳаётимиз бирмунча ўзгарди. «Тинькофф Журнал» айнан ушбу ўзгаришлар, 2022 йил ва ундан кейинги йилларда кутилаётган трендлар рўйхатини эълон қилди. «Газета.uz» ушбу трендлар ҳақидаги маълумотларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этади.

2022 йил ва яқин йиллардаги технологик трендлар

Блокчейн. 2021 йилда блокчейн бозорининг умумий ҳажми 4,93 млрд доллар дея баҳоланган. 2028 йилгача бу кўрсаткич 227,99 млрд долларгача ошиши кутилмоқда. Хўш, блокчейн ўзи нима?

Блокчейн — блокларнинг узлуксиз занжири бўлиб, уларда барча шартномалар ҳақидаги маълумотлар сақланади. Блокчейнга бўлган қизиқиш криптовалюталар билан бирга ортди. Анъанавий маълумотлар базаларидан фарқли ўлароқ, бу маълумотларни ўзгартириш ёки ўчириш мумкин эмас, фақат қўшиш мумкин.

Блокчейн ҳозирда нафақат молия соҳасида, балки шахсий маълумотларни қайта ишлаш, идентификация, маркетинг ва компьютер ўйинлари соҳаларида ҳам кенг қўлланилмоқда.

Блокчейн бозорининг йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 72,9%. Бозордаги энг йирик вакиллар: Coinbase, Block, DocuSign Inc.

Метаборлиқ. Бу интернет ривожланишининг навбатдаги босқичи, инсонлар технологиялар ёрдамида ўзаро ва турли рақамли предметлар билан муносабат қиладиган виртуал-интерактив макон. Олдинроқ метаборлиқ ва унинг келиб чиқиши ҳақида батафсил маълумот берган эдик.

Метаборлиқ бозорининг ҳажми 2021 йилда 63,83 млрд долларни ташкил этди. 2022 йилда у 100,27 млрд долларни, 2029 йилга келиб эса тахминан 1 трлн 527,55 млрд долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Метаборлиқ бозорининг йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 47,6%. Бозордаги энг йирик вакиллар: Meta (Facebook), Unity Software, Roblox Corp.

Нарсалар интернети (IoT). Нарсалар интернети — Internet of Things (IoT) — бу инсон аралашувисиз вазифаларни бажаришга имкон берадиган бир-бирига боғланган қурилмалар дунёси.

Нарсалар интернети соҳасига мисол қилиб, ақлли уйлар (smart house), смартфонлар, қаҳва қайнатгичлар, музлатгичлар, светофор тизимлари, саломатлик мониторинги технологиялари кабиларни ва буларнинг барчасини қўллаш технологияларини келтириш мумкин.

Бозор ҳажми 2021 йилда 384,7 млрд долларга баҳоланган. 2022 йилда у 478,36 млрд долларгача, 2029 йилга келиб эса 2 трлн 465,26 млрд долларгача ўсиши прогноз қилинмоқда.

IoT бозорининг йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 26,4%. Бозордаги энг йирик вакиллар: Cisco, Qualcomm, Zebra Technologies Corp.

Телемедицина. Бу тиббий хизматларини, биринчи навбатда, кўриклар ва консультацияларни масофадан туриб кўрсатишдир. Технология харажатларни камайтириш, тиббий ёрдам самарадорлиги ва чекка ҳудудларни ҳам сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш даражасини ошириш имконини беради. Пандемия даврида бунга бўлган талабнинг ошиши ушбу соҳанинг келгусидаги ривожига, эътиборнинг кучайишига олиб келди.

Телетиббиёт бозорининг ҳажми 2021 йилда 70,4 млрд долларга баҳоланган. 2022 йилда 91,2 млрд, 2030 йилда эса 431,82 млрдга етиши прогноз қилинмоқда.

Телемедицина бозорининг йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 25,9%. Бозордаги энг йирик вакиллар: DexCom Inc,Teladoc Health Inc, Change Healthcare Inc.

Квант ҳисоб-китоблар. Бу қандай соҳа?

Маълумотларни узатиш ва қайта ишлаш учун квант механикаси тамойиллари қўлланилади. Бу замонавий суперкомпьютерлар қодир бўлганидан триллион марта кўпроқ ҳисоблаш қувватига эришиш имконини беради. Мана шу вазифа квант ҳисоб-китоблар соҳасининг мақсади ҳисобланади.

Ушбу бозор 2021 йилда 487,4 млн долларга баҳоланган ва 2030 йилга келиб 3,73 млрд долларга етиши кутилмоқда.

Квант ҳисоб-китоблар бозорининг йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 25,4%. Бозордаги энг йирик вакиллар: Microsoft Corp, IBM, Intel Corp.

3D-босма. Сўнгги йилларда ушбу технология ишлаб чиқаришга фаол татбиқ этилмоқда. Пандемия даврида, етказиб бериш занжирлари бузилганида, 3D-босмадан фойдаланган ҳолда кўплаб қисмларни жойида ишлаб чиқариш қўшимча чора бўлди.

Бу технология, айниқса, озиқ-овқат саноатига шиддат билан кириб келмоқда. Спагеттидан то пиццагача тайёрлайдиган 3D-принтерлар пайдо бўлди. 2021 йилда ҳаттоки гўштни босиб чиқарадиган 3D-принтерлар асосида янги кўринишдаги мол гўштини етиштириб, бозорга чиқарадиган бир нечта стартапларга ҳам асос солинди.

3D-принтерлар бозори ҳажми 2021 йилда 12,6 млрд долларга баҳоланган. 2026 йилга бориб 34,8 млрд долларга етиши кутилмоқда.

Бозордаги йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 22,5%. 3D-принтерлар бозоридаги энг йирик вакиллар: 3D Systems Corp, Desktop Metal, Autodesk.

Сунъий идрок (СИ). AI (artificial intelligence — сунъий идрок) — турли вазифаларни бажариш учун инсон хатти-ҳаракатларига тақлид қила оладиган тизимдир. У кўплаб соҳаларда: робототехника, рақамли ёрдам, нутқ эгасини таниш, учувчисиз транспорт воситалари ва шу кабиларда қўлланилади.

2021 йилда СИ глобал бозорининг ҳажми 328,34 млрд долларга баҳоланди. Бозор ҳажми 2022 йилда 387,45 млрд долларга, 2029 йилгача эса 1 трлн 394,3 млрд долларга етиши кутилмоқда.

Бозордаги йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 20,1%. СИ бозоридаги энг йирик вакиллар: NVIDIA, Amazon, Alphabet Class C (Google).

Киберхавфсизлик. Юқоридаги технологиялар ривожланишда давом этар экан, киберхавфсизликка бўлган эҳтиёж ҳам ўз-ўзидан ошиб бораверади.

Киберхавсизлик — тармоқ, маълумот ва шахсий маълумотларни кибермакондаги ҳужумлардан ҳимоя қилиш соҳаси ҳисобланади. Киберхавфсизлик технологиялари СИ, машиналарни ўрганиш ва нарсалар интернети каби соҳалари билан чамбарчас боғлиқ.

2021 йилда киберхавфсизлик бозори 132,94 млрд долларга баҳоланди. Прогнозларга кўра, бу кўрсаткич 2022 йилда 155,83 млрд, 2029 йилга келиб 376,32 млд долларни ташкил этади.

Бозордаги йиллик ўртача ўсиш кўрсаткичи — 13,4%. Киберхавфсизлик бозоридаги энг йирик вакиллар: Fortinet Inc, Crowdstrike Holdings Inc, Check Point Software Technologies.