Жаҳон банки (ЖБ) ва Ўзбекистон Бадиий академияси мамлакатда қашшоқликка қарши курашиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланган ёш фотосуратчилар ўртасидаги қўшма танлов натижаларини сарҳисоб қилдилар. ЖБ матбуот хизматининг маълум қилишича, танловнинг ҳакамлар ҳайъати кўриб чиқиши учун Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 170 дан ортиқ фото асарлар тақдим этилди.

Жорий йилнинг апрель ва май ойларида ўтказилган танловдан кўзланган мақсад фотосуратчилик орқали жамоатчилик эътиборини мамлакатдаги қашшоқликка қарши кураш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига қаратишдан иборат.

Танлов иштирокчиларига ўз ишларида бир нечта йўналишларда эътиборни жамлаш таклиф этилди, жумладан: қашшоқлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, хусусий секторда иш ўринларини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш, иқтисодиётнинг барқарор экологик ўсиши, гендер тенглиги, қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг иштироки ва ҳоказо.

«Танлов мавзулари Жаҳон банки гуруҳининг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик стратегиясининг устувор йўналишларига мос келади. Уни амалга ошириш жараёнида биз ҳукуматга инклюзив бозор иқтисодиётини қуриш, 2026 йилгача қашшоқликни икки баробар камайтириш ва Ўзбекистоннинг 2030 йилгача даромади ўртадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириши бўйича ислоҳотларни амалга оширишида қўллаб қувватлаймиз», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Танловда 40 дан ортиқ ҳаваскор ва профессионал фотосуратчилар иштирок этди. Танлов мезонлари асосида Жаҳон банки ва Бадиий академия вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари танловнинг учта ғолибини ва учта махсус мукофот совриндорларини аниқладилар.

21 июнь куни Бадиий академияда Бадиий академиянинг раиси Акмал Нуриддинов (Акмал Нур), Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳамда Академиянинг профессор — ўқитувчилари ва талабалари иштирокида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов ғолибларига ва махсус мукофотлар совриндорларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Қуйидаги иштирокчилар 1- 3- ўринларни эгаллаб танлов ғолиблари бўлдилар:

  • Мадина Эргашева, қиш мавсумида қишлоқ аҳли бошидан кечирадиган қийинчиликларга бағишланган фото асарлар туркумини тақдим этган. Унинг фото ҳикояси жорий йилнинг январ ойида «Газета.uz» саҳифаларида чоп этилган.
  • Абдуназар Вайбуллаев, қишлоқ ёшларига бағишланган фото асарлар туркумини тақдим этган.
  • Сирожиддин Воҳидов, шаҳарлар ва миллий санъатнинг ривожига бағишланган фото асарлар туркумини тақдим этган.

Ҳакамлар ҳайъати, шунингдек, танловнинг махсус номинацияларида қуйидаги қатнашчиларнинг фото асарларини юқори баҳолади:

  1. Евгений Сорочин, катта шаҳар аҳолисига бағишланган фото асарлар туркумини тақдим этган.
  2. Муҳаммад Садриддинов, тўқимачилик корхоналарида ишлайдиган хотин-қизлар меҳнатига бағишланган фото асарлар туркумини тақдим этган.
  3. Фарида Абдукаримова, маҳалла аҳлига бағишланган фото асарлар туркумини тақдим этган.

Танлов ғолиблари ва махсус совриндорларининг ижодий ишлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.