Чоршанба маҳаллий вақт билан соат 00:54 да Афғонистон пойтахти Кобул жанубидаги Хост шаҳри яқинида кучли зилзила юз берди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Афғонистоннинг Бахтар ахборот агентлигининг ёзишича, Пактика вилоятининг Наки, Зирок, Бармал ва Гаян туманларида содир бўлган зилзила оқибатида камида 280 киши ҳалок бўлган, 600 дан ортиқ киши эса жароҳат олган.

Расмийларнинг айтишича, фалокатда жабрланганларни шифохоналарга эвакуация қилиш учун вертолётлар ва тез ёрдам машиналари ҳудудларга етиб борган. Зилзила икки вилоятда бир нечта турар-жой биноларини вайрон қилган, қурбонлар сони ортиши мумкин.

АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, эрта тонгда 6,1 балли зилзила тахминан 51 км чуқурликда содир бўлган. Германия Геология тадқиқот маркази эса зилзила 10 км чуқурликда юзага келганини айтмоқда.

Европа Ўртаер денгизи сейсмология маркази маълумотларига кўра, зилзила Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг 500 км дан кўпроқ қисмида сезилган.

Афғонистонда юз берган зилзила кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази хабарига кўра, Зилзила Сурхандарё вилоятида кўпроқ сезилди — 3 балл. Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 2 баллдан сезилди.