Фото: «Газета.uz»
Боку — «оловлар мамлакати» пойтахтидан репортаж
Боку — «оловлар мамлакати» пойтахтидан репортаж

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳри Кавказдаги энг йирик шаҳар-порт саналади. Соҳилларини Каспий денгизи ювиб турадиган «оловлар мамлакати» маркази кўркам архитектура, тарихий масканларга бой. «Газета.uz» Бокудаги эътиборга сазовор манзиллар, ёнувчи тоғ ва лой вулқонлар, озарбайжон ошхонаси ва сайёҳлар учун керакли маълумотлар ҳақида сўз юритади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1995 йил 2 октябрда ўрнатилган бўлса-да, мамлакатлар ўртасида сайёҳлар алмашинуви ҳозирча катта даражада эмас. Шу боисдан Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон давлат туризм агентлиги ҳамкорликда Боку шаҳрининг туристик салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида ОАВ ходимлари учун инфо-тур ташкил этди.

«Газета.uz» мухбири сафар давомида ўз кўзи билан кўрган масканлар ва таътиб кўрган овқатлар, қоидалар ва баъзи фойдали маслаҳатлар билан бўлишади.
Озарбайжонга ташриф буюрувчи Ўзбекистон фуқаролари мамлакатда 90 кунгача визасиз бўлишлари мумкин.
Мамлакатга икки ҳафтагача муддатга ташриф буюрувчилар бепул тарзда онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Меҳмонхонада қоладиганлар меҳмонхонанинг ўзи томонидан рўйхатдан ўтказилади. Хусусий уйда қоладиганлар эса мустақил равишда рўйхатдан ўтади. Меҳмон уйлари ва хостелларда туриш кунига 15 манатдан (тахминан 9 АҚШ доллари) бошланса, меҳмонхоналарда 60 манатдан (тахминан 35 доллар) жойлашиш мумкин.

Бизнинг сафаримиз вақтида 100 АҚШ доллари 168 манатни ташкил этди.
Боку шаҳри ташриф буюрувчиларни кўп қирраллилиги билан ажабга солади. Аэропортдан кириб келишда кенг яшил майдонлар сокин шаҳар ҳақида хабар бергандек бўлади-ю, шаҳар марказини олисдан кўришингиз билан биринчи таасуротингиз янглиш бўлганини англайсиз. Замонавий баланд ойнали иншоатлар мегаполисдан дарак бера бошлайди. Яна ичкарироқ кирсангиз қадимий Европа шаҳарларига кириб келаётганга ўхшайсиз.
Озарбайжон пойтахти тарихий обидаларни севадиган, архитектура иншоатларига қизиқадиган ва оддийгина Instagram учун чиройли расмларга тушишни ва туширишни ҳохлайдиганлар учун ажойиб жой. Бокудаги ресторан ва кафэлар такрорланмас интерьер ва экстерьер дизайнига эга.
Боку шаҳрида пиёдаларга устунлик берилган. Шаҳар ҳайдовчилари ҳам, пиёдалар ҳам ўзини эркин ҳис қилади, дейиш мумкин. Яқиндагина Formula-1 мусобақалари бўлиб ўтган шаҳарнинг автомобиль йўллари шу қадар текиски, машина йўлда эмас, ёғда кетаётгандек туюлади.
Траволатор
Бокуда ҳайдовчилар жуда ҳам босиқ характерли бўлгани учунми, ёки бу ернинг одати шундайми, тиқилинч пайтида ҳам сигнал чалаётган ҳайдовчиларни учратиш қийин. Шаҳар ичидаги туннелларнинг барчасида эскалаторлар бор. Айримларида эса траволаторлар бор (ҳаракатланувчи йўлак).
Барча тоифадаги пиёдалар шаҳарнинг энг асосий диққат марказида. Ногиронлиги бўлганларга қулайлик яратиш учун тротуарлардан кўчанинг нариги бетига ўтиш учун мўлжалланган ҳудудлар асосий йўл билан бир текисликка келтирилган. Светофорларда эса эшитиш мосламаси бор.
XX аср бошларида шаҳарда Европа услубидаги иморатлар қад кўтара бошлаган. Иморатлар готик, барокко, классик неоренессанс, модерн, арт-нуво ва бошқа услубларда қурилган. Шу сабабли сиз ўзингизни бир вақтнинг ўзида Испанияда, Австрияда ва Европанинг бошқа мамлакатларида юргандек ҳис қиласиз. Бодом рангидаги деворлар асосан «аглай» ёки «бодамдар» деб аталувчи оҳактошдир. Озарбойжон ҳудудида миллион йиллар илгари океан бўлгани учун ушбу хом ашё қурилишда кўп ишлатилган, дейилади. Ҳаттоки, XVII асрда ушбу тошдан солинган карвонсарой деворлари ҳали ҳануз мустаҳкам.

Боку шаҳрида замонавий услубдаги иншоотлар бўлишига қарамай, шаҳар қурилишида бодом рангидаги яхлит майин услуб сақланишига эътибор қаратилади. Европача услубда қурилган иморатларда озарбойжонча нақшлар ва безакларни учратиш мумкин. Бу орқали Озарбайжон халқининг ўзига хослиги сақланиб қолинганини кўриш мумкин.
Муҳаббат тимсоли
Бокуда муҳаббат тимсоли деб ҳисобланадиган «Бахт саройи» мавжуд. Маҳаллий афсоналарга кўра, меценат Муртоза Муҳтор рафиқаси Лиза Туганова билан Европада сайр қилиб юрганида, Лиза ажойиб бир иморатни кўриб қолади ва турмуш ўртоғига унинг гўзаллигини айтади. Муртоза Бокуга қайтгач, архитектор Юзеф Плошкога ўша иморатнинг нусхасини шаҳарда қуришга буюртма беради.

«Бахт саройи» қурилишига бор-йўғи 1 йил кетган. Бино тайёр бўлгач, Муртоза рафиқасига шаҳар бўйлаб сайр қилишни таклиф этади ва Лиза кўчада Европада кўргани каби иморатни кўриб ҳайратланади.

Маълум бўлишича, ушбу бино нусха олинган Европадаги иморат Берлин шаҳрида жойлашган бўлган, лекин у Иккинчи жаҳон уруши пайтида йўқ қилинган.
«Бахт саройи»
Соҳил бўйи шаҳар марказидаги гўзал жойлардан биридир. Денгиз соҳилини айланишни тавсия қиламан. Бунинг учун энг қулай вақт тонг пайти ёки қуёш нурларининг кучи пасайган вақтидир. Соҳил бўйи одамларнинг сайр қилиши ва дам олиши учун қулай қилинган.

Соҳилда денгизнинг ўзига хос ҳидини ҳам сезиш мумкин.
Денгиз соҳили

Кечки пайт кемага чиқиб денгизда сузиш мумкин.

Агар денгиз касалига чалинишдан қўрқадиганлар бўлса, денгиз қирғоғидаги танкер музейи Suraxani`га боришингиз мумкин.

Бу музейда кемасозлик ҳақидаги маълумотлар билан танишишингиз ва кемаларда қадимда ва яқин тарихда ишлатилган буюмларни, топишингиз мумкин.

Соҳил бўйида шунингдек, Гиламлар музейини ёки Австралиянинг Сидней шаҳрида жойлашган Опера театрига ўхшаш қилиб қурилган Dengiz mall`ни (савдо комплексини) кўриш мумкин.

Гиламлар музейи
Dengiz mall
Flame Towers

Озарбойжонни кўпинча «оловлар мамлакати» деб аташади. Бунинг бир нечта сабаби бор.


«Озарбойжон» сўзи «олов қўриқчиси» маъносини англатади. Давлат нефть ва газга бой. Аланга ҳамма вақт Боку тимсоли бўлган. Боку гербида ҳам учта аланга акс этган бўлиб, улар пойтахтда жойлашган Flame Towers (Аланга минораси)нинг асосий ғоясидир. Бу миноралар Озарбойжон тимсолига айланиб улгурган. Унинг фонида расмга тушиш сайёҳларнинг энг севимли машғулоти.

Низомий кўчаси
Ушбу кўча Озарбойжоннинг улуғ шоири Низомий Ганжавий номига қўйилган бўлиб, у Ҳамса ёзган илк шоирдир.

Бу кўча Бокунинг асосий кўчаси. У сайёҳларнинг ва шаҳар аҳолисининг энг севимли жойи ҳисобланади. Бу ерда турли хил брендларнинг дўконлари жойлашган. Ушбу кўча фавворалар хиёбонига олиб чиқади.
Тарихий обидалардан ташқари, шаҳарда янги замонавий услубдаги иншоотлар ҳам кўп. Шулардан бири Ҳайдар Алиев маданий маркази. Тўғри чизиқларга эга бўлмаган бу иншоат тўлқинсимон шаклда бўлиб, ўтмишнинг келажак билан боғланганини англатади.

Марказнинг интерьери ҳам ўзгача бўлиб, унда доимий ва кўчма кўргазмалар ташкиллаштирилади. Марказнинг иккинчи қаватида Боку шаҳри ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида жойлашган 45 та тарихий ва архитектура биноларининг макетлари бор. Шунингдек, ер ости қаватларида ретро автомобиллар зали мавжуд.
Ҳайдар Алиев маданий маркази
«Ичери шеҳер» (Ички шаҳар)
Денгиз соҳилига яқин ҳудудда Бокунинг тарихий маркази жойлашган
«Ичери шеҳер»га кираверишда сиз «Қиз қалъа»сини кўришингиз мумкин. Ушбу қалъа қандай вазифани бажаргани билан боғлиқ кўплаб баҳсли фиклар бор. Гид Искендер Тагиевнинг айтишича, ушбу иншоот расадхона вазифасини бажарган. Самарқанддаги Мирзо Улуғбек расадхонаси каби бу ерда ҳам юлдузлар ҳаракатини ўрганиш учун симоб ишлатилган. Тагиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги Улуғбек расадхонасида 40 метр узунликдаги қувур ер тагига кетган ва унинг охирида эса симобли идиш жойлаштирилган бўлган. Тунги осмонда ҳаракатланган жисм акси ушбу симобли идишга тушган. Симоб тасвирларни катталаштириш хусусиятига эга. «Қиз қалъаси»да эса иншоот ичидаги қувуп 5,5 метрни ташкил этиб, унинг ичига 5 метргача бўлган идишга симоб қўйилган. Шу орқали, астрономлар тадқиқотлар олиб боришган.
«Чёрт побери!» ёки «Бриллиант қўл» фильми тасвирга олинган жой
«Ичери шеҳер»да халқимизга яхши таниш бўлган «Бриллиант қўл» фильми тасвирга олинган кўча жойлашган. Ички шаҳарга кирганингизда ҳохлаган одамдан «Чёрт побери!» қаерда деб сўрасангиз дарҳол сизни тушунишади.

Гидлар ҳазиллашиб бу кўчани Бокудаги энг тоза кўча деб аташади. Чунки бу кўчада кўп одамлар атайлаб йиқилади. Қизиқ томони шундаки, фильмда дорихона сифатида кўрсатилган ушбу жой аслида бўш турган иморат бўлган. Фильм экранларга чиққанидан сўнг бу кўча энг гавжум жойга айланган. Бу жой ҳозирда сувенирлар дўкони.
Шаҳар ичкарисида чўмилишга рухсат йўқ. Пляжлар асосан шаҳар ташқарисида жойлашган ва пулликдир. Бизлар борган денгиз соҳилига кириш учун тўлов 20 манатни ташкил этди. Денгиз соҳиллари қумли, тошли ва чиғаноқли бўлиши мумкин. Биз борган жойда денгиз бўйи қумли ва чиғаноқли эди. Эҳтиёт бўлмасангиз, чиғаноқлар оёғингизни кесиб кетиши мумкин.
Янар даг
«Янар даг»
Аввал айтганимиздек, Озарбайжон газ ва нефтга бой — оловлар мамлакати. «Янар даг» озарбайжон тилида ёнадиган тоғ маъносини англатади. Шаҳар ташқарисида жойлашган ушбу масканда табийий усулда ёнадиган оловни кўришингиз мумкин. «Янар даг» ҳақида ХIII асрда илк бор саёҳатчи Марко Поло ёзган. Ушбу ёнадиган тоғда олов биринчи бор қачон ёниб бошлагани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Чунки неча асрлар бўйи авлодлар бу тоғ ҳар доим ёниб турганини айтиб келган. Бу олов табийий газнинг сизиб чиқиши сабабли қор-ёмғир ёғса ҳам ҳеч қачон ўчмайди.
Қобустан – қоятошлардаги расмлар
Қобустан — Озарбайжон цивилизациянинг энг қадимий марказларидан бири. Мамлакат ҳудудида ибтидоий одамларнинг яшаган ғорларида ўша даврдан қолган қоятош расмлари мавжуд. Боку яқинида жойлашган Қобустаннинг қояларида сиз айнан шундай қоятошлардаги расмларни кўришингиз мумкин.
Маълумотларга кўра, ибтидоий одамлар худоларидан ёмғир сўраб, махсус тошни уриб, мусиқа чалишган. Тепаликдаги қоятошда одамларнинг шу каби маросимларда рақсга тушгани ифодаланган. Рақсга тушаётган одамлар расми Қобустаннинг рамзига айланган.
Лой вулқонлар
Айтишларича, Озарбойжонда 700 га яқин лой вулқонлар жойлашган.
Вулқон деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига катта, ичида олов ёнаётган вулқонлар келади. Лекин биз Озарбойжонда илк бор лой вулқонлари билан танишдик.

Уларнинг 350 таси фаол. Вулқонларнинг кўпчилиги Бокуга яқин жойда ва Каспий денгизи соҳилларида жойлашган. Айнан шу давлатда дунёдаги энг катта – Турагай лой вулқони бор. Қобустан ҳудудида фаол каттак-кичик лой вулқонларини кўришингиз мумкин. Уларнинг биридан цементга ўхшаш, биридан эса битум аралаш суюқлик чиқади.
Мутахассислар лой вулқонларда чўмилиб бўлмаслигини айтади. Гап шундаки, вулқон оғзида ваакум бўшлиқ мавжуд, агар сиз унга тушиб кетсангиз, у сизни тортиб кетади ва у ердан сизни ҳеч ким чиқариб ололмайди.
Озарбайжон ошхонаси
Озарбойжан ошхонасида асосан полиз ва сабзавотлардан тайёрланган таомлар, иштаҳа очарлар ва салатлар истеъмол қилинади. Энг кўп учратиш мумкин бўлган масаллиқлардан бири бу — бақлажон, ундан тайёрланган ҳар хил таомлар ва салатларни кўриш мумкин: қиём қуйилган бақлажон, қайнатилган икра, димланган, буғланган бақлажон асосий таомлардан олдин берилади.
Шуни ёдда тутиш керакки, салатларни кўп еб қўйиш керак эмас, сабаби асосий таомлар кетма-кет берилган салатлардан кейин тортилади. Сафаримизнинг биринчи кунида салатлар билан тўйиб бўлганимизда кабоблар тортилди.

Озарбайжонликлар ҳам гўштсевар халқ. Фарқли томони шундаки, улар гўштли таомни ейиш вақтида овқат устига махсус сирка қуйишади. Айтилишича, ушбу сирка гўшт таркибидаги ёғларнинг эришига ва овқатнинг тез ҳазм бўлишига ёрдам беради.
Озарбайжон чучвараси жуда ҳам майда бўлади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, қадимда озарбойжонликлар совчилик учун қизнинг уйига борганида, номзодга чучвара пиширтиришган. Агар битта қошиққа фақат 4 та чучвара сиғса, демак бўлғуси келин эринчоқ ва озиқ-овқатни, айниқса гўштни яхши иқтисод қилмайди, деб ҳисоблашган. Агар битта қошиққа 13 тадан кўпроқ чучвара сиғса, демак қиз сабрли ва пулни ақл билан ишлатади, деб ўйлашган. Бу урф-одатга ҳозирда келин танлашда амал қилинмаса да, лекин чучварани майда қилиб тугиш ҳанузгача сақланиб қолган.

Шуни айтиш керакки, озарбойжонликлар гўштли таом тайёрлашда олча, қизил ва анор ишлатади. Олчали қайла ёки олчада пиширилган гўштнинг таъми нордонроқ бўлади. Озарбойжон ошхонасидан қайси таомни еб кўришни маслаҳат берасиз, десангиз – мантини деган бўлардим. Мантига қўшимча кичкина кўзачада қатиқ ҳам беришади.
Мантининг озарбойжонча номи - гюрза.
Чой энг охирида
Чўян чойнак аслида Озарбайжон миллий чойнаги эмас. Ресторанлар бу чойнакни иссиқлиқни узоқ вақт ушлаб тургани ва сайёҳларни жалб қилгани учун кўп ишлатишади.
Бизда келган меҳмонга энг аввало чой берилади, озарбойжонликлар эса чойни энг охирида беришар экан. Дастурхонга ўтиришингиз билан сув ва ҳар хил салқин ичимликлар, шарбатлар таклиф этилади. Чойга икки хил рангдаги қанд берилади. Қўнғир қанд — тишлаб ейиш учун, чойга солиш учун эмас, чунки унинг таркибида ҳар хил ёнғоқлар бор. Чойга солиш учун оқ қанд яхшироқ.

Мураббо
Овқатланиб бўлинганидан кейин чой билан мураббо берилади.
Мураббо – Озарбайжон ошхонасининг ажралмас қисмидир. Озарбайжонликлар барча мевадан мураббо ёпишади, ҳаттоки ёнғоқнинг довуччасидан ҳам (расмдаги қора рангли мураббо). Мурабболар шакарда эмас асалда ёпилганга ўхшайди, чунки ўта ширин. Чойга ҳар хил мурабболар таклиф этилиши мумкин, лекин уларнинг ичида сариқ гилосдан ёпилгани асосан мезбон томонидан жуда ҳам ҳурмат қилинадиган меҳмонга таклиф этилади.
Ас қотиши мумкин бўлган маслаҳатлар
Полиция ходимларини тасвирга олманг
Озарбойжон давлати яқинда урушни бошидан ўтказган мамлакат. Шу боис, бу ерда хавфсизлик масаласига катта эътибор берилади. Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, полиция ходимларини ёки махсус кийимдаги орган ходимларини фотога ёки видеога олманг – бу тақиқланган. Улар сизнинг расмга олаётганингизни кўришса, сизга келиб уларни ўчиришни талаб қилиши мумкин. Ёки ҳужжатларингизни текшириши мумкин.
Covid-19 вакцинаси сертификатини ўзингиз билан бирга олиб юринг
Озарбайжонда ҳали ҳам Covid-19 билан боғлиқ қоидалар сақланиб қолингани боис, кўп одам тўпланадиган жойга кираверишда сиздан Covid-19 вакцинасини олганлик тўғрисида сертификат сўралади. Шу боис, сертификатни ҳар доим ўзингиз билан олиб юрганингиз маъқул.
Савдолашинг
Озарбойжон ҳам шарқий давлат бўлгани учун бозорларда, сувенир дўконларида савдолашиш ўринли. Масалан, сувенир дўконидан нарсаларни 2-10 манатгача тушириб олса бўлади. Агар сотувчи нархдан тушмаса, у ҳолда ўзи сизга харид қилаётган нарсангизга магнит ёки бошқа нарса қўшиб беришни таклиф этади. Буни агар сотувчи айтмаса ўзингиз таклиф қилишингиз мумкин.
Шаҳар ичида «Яшил бозор» ва яқиндагина очилган «Шарқ бозори» бор. Лекин, маҳаллий аҳоли «Садарак» бозоридан савдо қилади. Бу ерга Эрондан ва бошқа давлатлардан маҳсулотлар келади. Айтишларича, нархлари шаҳар марказидан кўра бир мунча арзонроқ ва донага сотилади. Сувенирлардан ташқари яқинларга совға сифатида Озарбайжон чойини тавсия этган бўлардим, чунки таъми яхши. «Азерчай» деб номланган оқ қутидаги чойнинг «Букет» деганини олсангиз бўлади.
Озарбойжонга йўл олаётган бўлсангиз, билингки, бу ернинг халқи жуда ҳам очиқ кўнгил ва меҳмондўст. Ўзбек халқини қардош халқ деб билади ва сизнинг Ўзбекистондан эканингизни билса «О-о-о, Ўзбекистон» дейди. Қайси миллат вакили бўлса ҳам, озарбойжонликлар меҳмонларни жуда ҳам ҳурмат қилишади. Сизга ёрдам керак бўлса, ишини ва кетаётган йўлини ташлаб, ёрдамга беришга шошади.
Матн муаллифи Лолагул Қаллиханова.
Фотосуратлар муаллифлари: Лолагул Қаллиханова ва Азиза Узакбергенова.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг