«Новая Газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратовга тегишли бўлган Нобель мукофоти АҚШда ўтказилган кимошди савдоларида 103,5 млн долларга сотилди. Бу ҳақда аукцион ташкилотчиси Heritage Auction хабар берди.

Бошланғич нархи 700 минг долларлик лот бир неча дақиқада 16,6 млн долларга кўтарилди. Шундан сўнг, аукцион ташкилотчиси нархни 103,5 млн долларгача кўтаришни таклиф қилди ва харидорлардан бири бунга рози бўлди.

Маблағлар украиналик қочқинлар ва болаларнинг оилаларига ёрдам бериш мақсадида ЮНИСЕФга берилади.

«Биз бугун қўлга киритган барча пулларни Украинадан қочқинлар ва уларнинг фарзандлари бор бўлган — Польша, Россия, Германия, Молдова, Словения Венгрия мамлакатларига маблағлар етиб боришига ваъда берган ЮНИСЕФга ўтказиб берамиз», — деди Муратов аукциондаги нутқида.

«Новая Газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов 2021 йилнинг октябрида тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритганди. Ўшанда Нобель қўмитаси унинг демократия ва тинчликнинг асосий шарти бўлмиш сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатларини эътироф этганди.