Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, жамоат ва маданият арбоби Аҳмаджон Тошхўжаев 70 ёшида вафот этди, деб хабар берди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.

Аҳмаджон Тошхўжаев 1952 йил Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган.

У ўтган йиллар давомида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги — ЎзАда директор ўринбосари, президенти девони, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида турли лавозимларда фаолият юритган.

Ўнга яқин шеърий ва насрий асарлар муаллифи Аҳмаджон Тошхўжаев ўзбек адабиёти ва журналистикаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган, дея қайд этди АОКА.