20 июнь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақида, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув чоғида инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартиби муҳокама қилинди. Шунингдек, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси соҳаси муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 238 та, Озарбайжонда эса 53 та Ўзбекистон компанияси фаолият кўрсатаётгани қайд этилди.

Томонлар 2021 йилда Ўзбекистон-Озарбайжон савдо айланмасининг ҳажми 40 фоиздан ошгани ҳамда 2022 йилнинг январь — июнь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравар кўпайганини қайд этдилар. Улар нефть-кимё, кимё ва электротехника маҳсулотлари, қора ва рангли металл буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, асбоб-ускуналар ва тўқимачилик маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш бўйича навбатдаги тадбирларни муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, 2022 йил охирига қадар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида юк ташиш ҳажмининг ўсиши 40 фоизга ўсиши кутилаётгани, шу нуқтаи назардан, икки давлатни боғлайдиган логистика йўналишларини кенгайтириш, ўзаро ва транзит юк ташишни кўпайтириш бўйича ҳамкорлик йўллари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга ҳам эътибор қаратилди. Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимни имзолаш истиқболлари қайд этилди.

фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Икки давлат расмийлари иштирокида бизнес форум ҳам ташкил этилди. Унда, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг йирик компанияларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг изчил диверсификация қилиниши ўзбек ва озарбайжон ишлаб чиқарувчиларига янги қиймат занжирларини яратиш ва биргаликда учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш имконини бериши таъкидланди.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари орқали ўзаро ва транзит юк ташишни кўпайтиришни рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар жорий қилиниши эълон қилинди.

Тадбир дастури доирасида «B2B» (бизнес бизнес учун — таҳр.) ва «G2B» (ҳукумат бизнес учун — таҳр.) тарзида панель мунозаралари бўлиб ўтди, унда ўзбек ва озарбайжон бизнес вакиллари аниқ лойиҳа таклифлари асосида бизнес ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Форум якунида умумий қиймати 500 млн доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича қатор битимлар, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида амалий ҳамкорлик тўғрисида 10 та келишув имзоланди.