Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан 2021 йил сентябрда гиёҳвандлик воситаларини етказиб бериш ва сотиш билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланган. Иккала ҳолат бўйича ҳам суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Маълум бўлишича, 1984 йил Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро М.Б. муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланиб, маълум бир муддат озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаганидан кейин, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган вақтида, яна шундай жиноятга қўл урган.

Қайд этилишича, у 2021 йилнинг сентябрь ойида Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент шаҳрида яшовчи шахс томонидан Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга яшириб кетилган 9 кг 751 грамм «опий» гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.


Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогар ушбу гиёҳвандлик моддасини кейинроқ керакли манзилга етказиб бериши учун самарқандлик наркокуръерга 10 минг доллар бериши лозим бўлган.

Хабарда айтилишича, суд ҳукмига кўра қонунбузарга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган яна бир бошқа тадбирда эса «Тошкент-Самарқанд» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Kia Bongo русумли автомашина Самарқанд вилоятининг «Юқори нуқта» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганди.

Натижада, унда кетаётган Самарқанд шаҳрида яшовчи, Ҳ.З. (1984 й.т.) ва М.Х. (1991 й.т.) ларга тегишли 5 кг 953 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинади.


Маълум бўлишича, улар Тожикистондан контрабанда йўли билан ўтказилган ушбу гиёҳвандлик моддасини «Ўрикзор» бозори ёнида номаълум шахслардан қабул қилиб олиб, келгусида уни сотиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилишган. Гиёҳвандлик воситаси учун улар тожикистонлик наркосавдогарга 36 минг доллари беришган.

Суд ҳукмига кўра қонунбузарлар Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида (Кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.