Шавкат Мирзиёев конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда гумонланувчи шахсларнинг ҳуқуқларини Асосий қонунда акс эттириш бўйича таклиф берди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Таҳлиллар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганини кўрсатмоқда. Натижада, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади», — деди давлат раҳбари.

Ушбу ҳолатларни олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларида акс этган «Миранда қоидаси»ни қўллаш лозимлиги айтилди. «Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бундан ташқари, „Хабеас корпус“ институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас», — деди у.

Президент шунингдек, суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани Конституцияда акс эттиришни таклиф этди.

Давлат раҳбари яқин қариндошлари судланган фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага ҳам тўхталди.

«Нима сабабдан бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши лозим?», — дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев. «Бундай адолатсиз «тизим»дан энди бутунлай воз кечамиз», — деди у.

Президент шунингдек, Конституцияга «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас», деган нормани қатъий ёзиб қўйишни таклиф этди. «„Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт“, деган норма ҳам Асосий қонунимизда ўз аксини топиши зарур», — деди давлат раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тамойиллар Ўзбекистон қонунчилигида акс эттирилган. Хусусан, 2020 йил 15 майдан бошлаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари (ЖПК 224 моддаси):

  • ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши;
  • гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини маълум қилиши;
  • ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши;
  • ушлаб турилган шахсга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши;
  • ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.

Ушбу процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Процессуал ҳаракатларни бажаришни кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан амалга оширишга йўл қўйилади.

Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолда, ички ишлар органи ходими ёки бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилади.

Бундан ташқари, ЖПК 226 моддасига кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан (эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайти) эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.

Миранда қоидаси (ингл. Miranda warning) — ушлаш жараёнида ушланувчи ўзининг ҳуқуқлари ҳақида огоҳлантирилиши, уни ушлаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими эса у айтилаётганларни тушунаётганлиги ҳақидаги саволга ижобий жавобни олиши кераклиги ҳақидаги АҚШдаги юридик талаб. Ҳуқуқларнинг қайси сўзлар билан тушунтирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ваколатли ходимлари ўз ихтиёрида бўлади. Энг оммалашган формулировка қуйидагича ҳисобланади:

«Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтган ҳар қандай нарса судда сизга қарши ишлатилиши мумкин. Сўроқ жараёнида сизнинг адвокатингиз иштирок этиши мумкин. Агар сиз адвокат хизмати учун пул тўлай олмасангиз, у сизга давлат томонидан тақдим этилади. Сиз ўз ҳуқуқларингизни тушундингизми?»

«Хабеас корпус» (лот. habeas corpus) — шахс дахлсизлиги тамойили билан чамбарчас боғлиқ инглиз жиноий-процессуал ҳуқуқий институти; у шунингдек англосаксон ҳуқуқ оиласидаги бошқа давлатлар ҳуқуқий тизимига ҳам киради.